Жамият - 19:53 · 26.05.2022

«Ўзбекистон вилоятларидаги ҳолат марказдагидан фарқ қилади» — Саидқаҳҳор Холхўжаев

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартирш вазирининг биринчи ўринбосари Саидқаҳҳор Холхўжаев Ўзбекистон вилоятларидаги холат марказдагидан фарқ қилиши ҳақида гапирди. Бу ҳақда Бухоро шаҳрида бўлиб ўтаётган «Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форуми»дан «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Саидқаҳҳор Холхўжаев мазкур масала бўйича форумнинг «Ҳудудларни ривожлантиришнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири» мавзусидаги сессиясида гапирган.

«Ҳар вилоятнинг ўзига хос устунлик жиҳатлари бор. Масалан, водий вилоятларида аҳоли кўникмалари кичик ишлаб чиқаришга мослашган ва бу бўйича юқори потенциал бор. Хоразм, Бухоро каби вилоятлар ҳунармандчиликка кўпроқ ихтисослашган.

Ўзбекистон вилоятларидаги холат марказдагидан фарқ қилади. Барча нарсани марказдан туриб назорат қилиш ва билиш қийинлиги сабабли инвестицион давстурлар доирасида, ичимлик суви ва электр энергия етказиб бериш каби масалаларни маҳаллий ҳокимият вакилларининг ўзи хал қилишига эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар асосида қаерда мактаб қуриш керак, қаерда боғча таъмирлаш ва қаерда йўл таъмирлаш кералигини ҳал қилмоқда.

Бу муаммони ҳал қилишда қилинаётган яна бир лойиа «Ташаббусли бюджет» ҳисобланади: 2021 йил 2- ярмидан бошлаб 1 миллион 100 минг аҳоли бу лойиҳа бўйича ўзини қийнаётган муаммолар бўйича ташаббус билан чиққан бўлса, 2022 йилда мазкур лойиҳада 4,4 миллион аҳоли қатнашди. Аҳоли овоз бериш орқали ўз муаммолари учун маблағ жалб этилишига эришмоқда», — дейди Саидқаҳҳор Холхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, 26 май куни Бухоро шаҳрида «Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форуми» ўз ишини бошлаганди. Очилиш маросимида молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов нутқ сўзлаган.

Bugun — LIVE