Жаҳон - 22:34 · 26.05.2022

Путинга аталган карикатура, Украинага берилмайдиган баъзи қуроллар ва Россия Марказий банкининг музлатилган 23 млрд евро миқдоридаги активлари

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 26 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Euronews»

NATO бош котиби: «Украинадаги можаро қандай ва қачон тугашини ҳеч ким айта олмайди»

NATO давлатлари Россия–Украина можаросининг чўзилиб кетиши эҳтимоли туфайли узоқ вақт давомида Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишга тайёр бўлиши керак, деб ҳисобламоқда ташкилот бош котиби Йенс Столтенберг. Унинг фикрича, бугунги кунда Украинага ёрдам кўрсатиш иттифоқ учун устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

«NATO’нинг биринчи вазифаси — Украинага ёрдам бериш. Урушларни олдиндан айтиб бўлмайди, бу уруш қандай ва қачон тугашини ҳам ҳеч ким билмайди, шу боис узоқ муддат давомида ёрдам беришга тайёр бўлишимиз керак. Бу нафақат янги жиҳозларни етказиб бериш, балки етказиб берилган материални иш ҳолатида сақлашни ҳам назарда тутади», — деган бош котиб.

NATO давлатлари Украинага бир қатор қуролларни етказиб бермасликка келишди

NATO давлатлари ўртасида Украинага айрим қурол-яроғ тизимларини етказиб беришдан бош тортиш бўйича норасмий келишувлар мавжуд, дея хабар бермоқда Германиянинг «DPA» агентлиги манбаларга таяниб. Келтирилишича, альянс Россия билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув хавфини минималлаштириш зарур деб ҳисобламоқда.

Маълумотларига кўра, NATO Россия Украинага танклар ва ҳарбий самолётларнинг етказиб берилишини «урушга киришиш» деб ҳисоблаши ва кейин «жавоб ҳарбий чоралар» кўриши мумкинлигидан хавотирда.

Француз журналида Путин ва унинг қўшинларига аталган карикатуралар чоп этилди

Франциянинг машҳур Charlie Hebdo сатирик журнали ўзининг сўнгги сонини Украинага бағишлаб, унда украиналик карикатурачиларнинг асарларини чоп этди. Журналнинг ушбу сони сотувидан тушган маблағ Украина Қуролли кучларига ўтказилади, деб хабар бермоқда «Le Figaro».

Фото: «Charlie Hebdo»

«Ҳафталик сатирик Charlie Hebdo Россия босқинига қарамай, бирдамлик учун йигирмага яқин карикатураларини нашр қилиш орқали ўз ишларини бажаришда давом этаётган украиналик карикатурачиларни шарафлайди», дейилади хабарда.

Фото: «Charlie Hebdo»

Асарлар орасида асаларилар ейишидан олдин панжасини асалари уясига ботирган рус айиғини кўриш мумкин.

ЕИ Россия Федерацияси Марказий банкининг 23 миллиард евролик активларини музлатиб қўйди

Европа Иттифоқи мамлакатлари Россия Марказий банки активларининг 23 миллиард еврога яқинини (24,5 миллиард доллар) музлатиб қўйди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Адлия бўйича комиссари Дидье Рейндерс маълум қилди.

Европа Иттифоқи расмийсининг айтишича, февраль ойида Украинада уруш бошланганидан бери ЕИда 23 миллиард еврога яқин маблағ музлатилган. Қайд этилишича, бу рақам АҚШ томонидан музлатилган 100 миллиард доллардан анча кам.

«Украинадаги азоб-уқубат ва вайронагарчиликни тўхтатинг»: Штайнмайер Путинга мурожаат қилди

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер россиялик ҳамкасби Владимир Путинни Украинадан қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетишга чақирди. «Украина суверенитетига ҳурмат кўрсатинг, курашни тўхтатинг», — деди Штайнмаер.

«Жаноб Путин, Украинадаги азоб-уқубат ва вайронагарчиликни тўхтатинг! Қўшинларингизни олиб чиқиб кетинг! Президент Зеленский билан тўғридан-тўғри ва жиддий музокаралардан бош тортманг!», — деган президент.

Bugun — LIVE