Жамият - 15:44 · 26.05.2022

Тошкент вилоятида оммавий қабуллар уч ойлиги бўлиб ўтмоқда

Тошкент вилоятида Республика ишчи гуруҳи 6 кунда 4 минг 620 га яқин масала кўриб чиқди. Бу ҳақда «Bugun.uz» Президент халқ қабулхонаси ахборот хизмати хабар берди.

Президент Администрацияси масъуллари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, қарийб ўттизта вазирликлар, қўмиталар ва ташкилотлар раҳбарларининг оммавий қабуллар уч ойлиги доирасида Ўртачирчиқ тумани, Бўка, Оққўрғон, Бўстонлиқ туманлари, Янгийўл ва Оҳангарон шаҳарларидаги очиқ-жонли мулоқотлари ҳам «Инсон қадри учун!» ғоясини амалда қарор топтиришга хизмат қилди. Бу эса Тошкент вилояти аҳолиси муаммолари билан ишлашни самарали ташкил этиш, ҳудудларда ечимини кутаётган масалаларни «маҳаллабай» ўрганган ҳолда жойида, тезкор ҳал этиш имконини берди.

Мулоқотларда Олий суд, Судьялар олий кенгаши, вилоят, туман-шаҳар судлари масъуллари кўриб чиққан 372 та масаланинг 129 таси ижобий ҳал қилинди. Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 114 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 97 нафар шахснинг ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 19 нафар шахс суд залидан озод этилди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 50 нафар мурожаатчи аёл фойдасига алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган 4 та оила яраштирилди.

Оҳангаронлик Шаҳноза Усмонова 26 йил аввал уй-жойсиз юрганда, унга Оҳангарон шаҳридаги эгасиз уйлардан бири ажратиб берилган, бироқ шу даврда аёлга на уй расмийлаштириб берилган, на хусусийлаштирилган. Бу масала 1998 йилдан бери чувалашиб, иш судгача етиб борган, ҳатто фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг 2016 йил 24 мартдаги ҳал қилув қарорида Оҳангарон туман ҳокимлиги зиммасига мазкур уй-жойни Шаҳноза Усмоновага бириктириб бериш мажбурияти юклатилган, бироқ бу уй ҳокимлик балансида турмагани учун қарор ҳам ижро қилинмаган.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 187-моддасида мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олиши белгиланган. Шаҳноза Усмонова эса 26 йилдан бери шу уйда яшаб келмоқда. Шу боис оммавий қабулда Шаҳноза опа Олий суд масъуллари билан мулоқотдан сўнг Фуқаролик кодексининг 187-моддасига асосан эгалик қилиш ҳуқуқини белгилашни сўраб судга янгидан даъво аризаси киритди. Шунингдек, онкологик хасталикдан қийналиб келаётган аёлга даволаниши учун ҳам кўмак кўрсатиладиган бўлди.

Бош прокуратура масъуллари кўриб чиққан 530 та масаланинг 54 тасига жойида ечим топилди.

Bugun — LIVE