Жаҳон - 17:50 · 26.05.2022

Туркияда ИШИДнинг янги раҳбари қўлга олинди

Истанбул полицияси махфий халқаро операция ўтказиб, ИШИДнинг янги раҳбари Абу ал-Ҳасан ал-Ҳошимий ал–Қурайшийни қўлга олди. Бу ҳақда «Oda TV» хабар берди.

Фото: «BBC»

Маълум қилинишича, Туркия полицияси террористик ташкилот раҳбарини бир неча кун давомида кузатган. Ал–Қурайшийни қўлга олиш бўйича халқаро операция Истанбул разведка ва терроризмга қарши кураш бошқармаси гуруҳлари томонидан амалга оширилган. Унга Истанбул полицияси раҳбари Зафер Акташ бошчилик қилган.

Ҳибсга олингандан сўнг ИШИД етакчиси терроризмга қарши кураш хизмати ва миллий разведка ташкилоти экспертлари гуруҳлари томонидан сўроққа тутилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон яқин кунларда операция тафсилотларини эълон қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил февраль ойида АҚШ президенти Жо Байден Сурияда америкалик ҳарбийлар ИШИД етакчиларидан бири Абу Иброҳим ал-Ҳошими ал-Қурайший ўлдирилганини маълум қилганди. АҚШ маъмурияти террористик ташкилот етакчиси бомба натижасида йўқ қилингани, етакчидан ташқари унинг оила аъзолари ҳам ҳалок бўлганини маълум қилган.

Аввалроқ «Толибон» Тошкент орқали Афғонистонга келган ИШИД аъзоларини қўлга олгани маълум бўлганди. Шунингдек, Туркияда яшовчи ўзбек ИШИД жангариларига сохта паспорт сотаётгани хабар берилган.

Bugun — LIVE