Жаҳон - 16:56 · 26.05.2022

Zara’дан H&M’гача: Халқаро брендлар Ўзбекистон пахтасини сотиб олиши кутилмоқда

Ўзбекистон пахтасига қарши жаҳон бойкоти бекор қилиниши ортидан «Adidas», «Tesco», «IKEA», «Marks & Spencer», «H&M», «Zara» ва «Gap» каби йирик брендлар ўзбек пахтасини сотиб олиши кутилмоқда. Бу ҳақда «The National Interest» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Пахта «оқ олтин» деб номланади, чунки у Ўзбекистон экспорт даромадининг салмоқли қисмини ва ялпи ички маҳсулотнинг 12 фоизини ташкил қилади. Мамлакат пахта етиштириш бўйича дунёда олтинчи ўринда бўлиб, жаҳон пахта етиштиришнинг 4-5 фоизи ва жаҳон экспортининг 10 фоизини ташкил этади. Ўзбекистонда йилига 1 миллион 106,7 минг тонна пахта етиштирилиб, мамлакат иқтисодиётига ҳар йили 1,3 миллиард долларга яқин даромад келтиради.

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, пахта етиштиришдаги ўзгаришларга ташқи босимлар асосий сабаб бўлмаган. Янги иш ўринлари яратиш ва Ўзбекистоннинг пахта хомашёсини экспорт қилувчи давлатдан тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчисига айланиш истаги энг муҳим рағбат бўлган.

Таъкидланишича, пахта хомашёсини халқаро бозорда анча арзон нархда сотиш ўрнига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тўғридан-тўғри фермерлардан сотиб олиш ва хомашёни тўқимачилик маҳсулотларига қайта ишлаш бўйича ҳудудий кластерлар ташкил этилгани пахтачиликдаги энг муҳим таркибий ўзгаришлардан бўлган.

Маълумот ўрнида, «Cotton Campaign» халқаро коалицияси ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор қилинганини эълон қилган. Ўзбек пахтасидан бойкотнинг олиб ташланиши биринчи навбатда текстиль саноатида дунёдаги етакчи корхоналарнинг Ўзбекистон бозорига кириб келишига имкон яратади. Мамлакатда миллионлаб одамларга янги иш ўринларини яратишга, қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро стандартларни жорий этишга, тўқимачилик маҳсулотларининг экспорт ҳажмини ортишига ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожланишига хизмат қилади.

Bugun — LIVE