Жаҳон - 21:31 · 26.05.2022

Зеленский Украинанинг бир қисмини Россияга бериш таклифига жавоб қайтарди

Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ собиқ давлат котиби Генри Киссинжернинг Россияга тинчлик битими тузиш учун Украина ҳудудининг бир қисмини бериш ҳақидаги таклифига жавоб берди. Бу ҳақда президент сайтида хабар берилди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Киссинжер Швейцариянинг Давос шаҳридаги Жаҳон иқтисодий форумида бу ҳақда фикр билдирганди.

«Афтидан, жаноб Киссинжернинг тақвими 2022 йил эмас, балки 1938 йил бўлиб, у Давосда эмас, балки ўша пайтдаги Мюнхендаги аудитория билан гаплашмоқда», — деган Зеленский.

Украина президенти 1938 йилда 15 ёшли Киссинжер ва унинг оиласи фашистлар Германиясидан қочишга мажбур бўлганини ва, эҳтимол, ҳозир ҳам ўша воқеаларни эслаётганини айтган. Зеленский ўша кунларда у ўзини қандай қутқариш ва нацистларга қарши курашиш ҳақида ўйлаганини айтган.

Украина президенти, шунингдек, «New York Times» газетасининг «Украинадаги уруш қийинлашмоқда ва Америка тайёр эмас» номли мунозарали таҳририят мақоласига ҳам изоҳ берган. Мақола муаллифлари Украина у ёки бу йўлда ютқазиб қўйишини тахмин қилиб, Киевга қийин муросага келишни маслаҳат берган. Ҳаммаси тезроқ тугаши учун Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатишни илгари сурган.

«Эҳтимол, ‘New York Times’ ҳам 1938 йилда шунга ўхшаш нарсани ёзгандир. Лекин ҳозир, мен сизга эслатиб ўтаман, ҳали 2022 йил», — деган президент.

Аввалроқ Зеленский Путин билан учрашиш шартини айтганди. Шунингдек, Путин Украинага нима сабабдан уруш бошлаганини тушунтирганди.

Bugun — LIVE