Жамият, Жаҳон - 21:00 · 27.05.2022

Бугун оқшоми. Андижон — энг коррупциялашган вилоят, ҳоким ёрдамчилари — инновация, маймунчечак — хавф

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Андижон — Ўзбекистондаги энг коррупциялашган вилоят. У ерда аҳоли энг кўп мурожаатни айнан коррупция бўйича қилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг рейтинги натижариларига кўра, Андижон вилоятида барча кўрсаткичларда салбий тенденция кузатилмоқда. Вилоят коррупцияга оид жиноятлар содир қилиш бўйича ўтган 3 ойда энг юқори ўринларни эгаллаб турибди. Шунингдек, Андижон Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига аҳолиси коррупция бўйича энг кўп мурожаат қиладиган ҳудудлар ичида республикада 1-ўринни банд этмоқда.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати

Таҳлилларга кўра, 2021 йилда 22 нафар шахсга нисбатан 18 та жиноят иши судга юборилган. Улар ўзлаштириш, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда пора олиш каби жиноятларни содир этган. Мазкур жиноятларга қўл урганларнинг 4 нафари вилоят ҳокимлиги, 18 нафари туман ва шаҳар ҳокимликларининг ходимлари ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги борми, демак, коррупция бор (тан олиниши яхши ҳолат, уни йўқ қилиш, ҳеч бўлмаганда кескин камайтириш керак). Бирор ҳудудда (масалан, юқорида эсланган Андижонда) коррупция авж олдими, демак агентлик(нинг ҳудудий бўлинмалари) яхши ишламаяпти. Худди шундай. 2021 йил якунлари бўйича Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг рейтингида Андижон вилояти 9-ўринни эгаллаган. Йиғилишда улар танқид қилинган.

Андижонда аҳолини Андижон полькасига ўйнатиб қўйиб, «соққани қилаётган» вилоят ҳокимлигидаги 4 киши (энг камида) кимлар экани қизиқ, жуда қизиқ. Инсонфи ҳамманинг ўзига берсин, айниқса, амалдорларга.

Ҳудудлар бўйича ажримлар сони эълон қилинди. Андижон у ерда ҳам етакчилардан.

Ўзбекистонда январь–апрель ойларида 16 256 та ажрашиш ҳолати қайд этилди. Энг кўп ажрим Тошкент шаҳрида (1982 та) кузатилган, энг ками эса Навоий вилоятида — 465 та. «Кучли учлик»дан Самарқанд (1736 та) ҳамда Тошкент (1700 та) вилоятлари ўрин олган.

Фото: «Bugun.uz»

Эътиборли жиҳати шундаки, коррупцияга оид рейтингнинг «фахрий» биринчи ўрнини эгаллаб турган Андижон вилояти бу борада ҳам юқорида бўлишга «интилган». Аммо уринишлар «бесамар кетиб», 4-ўринга тушиб қолган — биринчи 4 ойликда 1658 та ажрим.

Яна бир қизиқ ҳолат бор: ўтган 4 ой давомида Қашқадарё вилоятида 1342 та ажрашиш ҳолати кузатилган. Бу 1000 + ажрим қайд этилган 7 та вилоят ичида энг ками. Бунинг қизиқ жиҳати шундаки, Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов бу лавозимга энди келган пайтларда (у вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи эди у пайтда, ҳозир «тўлақонли» ҳоким) ажрашишларга йўл қўймаган маҳалла раисларига йил охирида 5 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача мукофот пули берилишини айтганди. Бу тизим қанчалик ишлаяпти, билмаймиз, аммо, ҳалигача ажримлар кўп (дилемма шундаки, у ерда эр ўз хотинининг кўзини ўйиб олиши, юрагига пичоқ санчиб ўлдириши мумкин, аммо ажрашмайди). Ҳеч қайси бир маҳалла раисини пул олгиси, энг яхши санаторийларда дам олгиси келмаяпти, шекилли.

Ушбу статистика ҳақида яна озроқ: бу ерда фақатгина расман ажрашганлар ёзилган, бир биридан айро яшаётган оилалар бу ерга қўшилмаган, шуни ҳам ҳисобга олиш керак. Оилангиз билан ажрашманг. Оилаларни ажратманг. Раҳмат.

Истеъмолчиларга апрель ойининг ўзида салкам 40 миллиард сўм кешбэк тўлаб берилган. Яна 20 миллиард сўмдан ортиқроқ пул харидорларга қайтарилиши керак.

Фото: «Bugun.uz»

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг апрель ойида 427 минг нафар истеъмолчи томонидан 8 миллионтага яқин чек «Солиқ» мобиль иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган. Шундан 7,5 миллионтасига 61,4 миллиард сўм кешбэк ҳисобланган. 27 май ҳолатига кўра, 340 мингдан ортиқ фуқароларга 38,6 миллиард сўм кешбэк тўлаб берилган.

ДТМ чет тилидан касбий имтиҳон тартиби ва тест намуналарини эълон қилди: юклаб олиб, танишиб чиқишингиз мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Давлат тест маркази 2022/23 ўқув йили учун чет тилидан касбий имтиҳон тартиби ва тест намуналарини эълон қилди. Тестлар қуйидагича форматда бўлади:

1-бўлим: Тинглаб тушуниш (45 дақиқа / 5 қисм / 30 савол/ 30 балл);

2-бўлим: Ўқиш (60 дақиқа / 5 қисм / 30 савол/ 30 балл);

3-бўлим: Ёзиш (45 дақиқа / 2 топшириқ / 30 балл);

4-бўлим: Гапириш (15 дақиқа / 3 қисм / 30 балл).

Касбий имтиҳон учун 2 соат 45 дақиқа вақт берилади. Жами 120 балл тўпланади. Ушбу ҳавола орқали фақат инглиз тилидан тест намуналарини кўриш мумкин. «Bugun.uz» бу бўйича видео ҳам тайёрлади.

«ʼТемир дафтарʼ ва ҳоким ёрдамчилари Ўзбекистоннинг ўз инновациялари ҳисобланади» — Обид Ҳакимов камбағалликка қарши курашиш ҳақида.

Бухоро шаҳрида «Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форуми» бўлиб ўтди. Унда қатнашган Bugun.uz мухбири Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовдан мамлакатда камбағалликка қарши курашиш бўйича қандай ишлар қилингани ҳақида сўради.

Интервью қисқа, аммо Ҳакимовнинг гаплари катта. Шунинг учун интервьюнинг қисқача мазмунини қуйида келтирамиз, агар уни тўлиқ ўқимоқчи бўлсангиз, бу ерга ўтишингиз мумкин.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Обид Ҳакимовга кўра, камбағалликка қарши курашишда «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари» ёки энг катта ютуқларга эга бўлаётган ҳоким ёрдамчилари Ўзбекистоннинг ўз инновациялари ҳисобланади. Форум давомида булар жаҳондаги етакчи экспертлар ва халқаро молия институтлари томонидан эътироф этилган.

Ҳоким ёрдамчилари тизими қанчалик ёрдам беряпти? Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори бу тизим ёрдамчилар малакали бўлгани учун ислоҳолат пастгача тушиб, ўз мевасини бераётганини айтган, аммо айнан қандай ўзгаришлар эканига аниқлик киритмаган.

Обид Ҳакимовнинг талқинига кўра, Ўзбекистон камбағалликка қарши курашиш бўйича қилган учта энг яхши иш:

  • Ижтимоий ҳимоя тизими. 2019 йилда 500 мингга яқин одам ижтимоий ҳимоя билан қамраб олинган бўлса, ҳозирда бу рақам 1 миллион 900 минг нафарга етган. Тизим тўлиқ автоматлаштирилган;
  • Ҳоким ёрдамчилари тизими;
  • Ҳар бир маҳаллада қилинаётган тадбиркорлик бўйича дастурлар. Ўтган йил маълумотларига кўра, 1 миллиондан ортиқ одамлар оилавий тадбиркорлик дастурларида қатнашган. Яъни бир миллион одамларнинг ҳаётида қандайдир ўзгаришлар пайдо бўлган.

Бундан ташқари мухбиримиз ушбу форумда қатнашган Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованеллидан мамлакатдаги камбағаллик даражасини қандай баҳолиши ва уни бартараф этишда банк томонидан қандай лойиҳалар амалга оширилишини сўради. Ушбу интервью билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Тавсия этилади:

  • Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишини айтди;
  • Энергетика вазирлиги электр энергияси учун нархлар ошгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди.

Хўш, оламда нима гап?

Шунақаси ҳам бўлиб туради: Суданда аёлни ўлдирган қўчқор уч йилга қамалди.

Жанубий Суданнинг Румбек шаҳрида апрель ойида 45 ёшли аёлни ўлдирган қўчқорга ҳукм эълон қилинди. У қотилликда айбдор деб топилиб, уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ҳайвон Суданнинг Адуэль туманидаги ҳарбий базага юборилади.

Фото: «Morocco World News»

Ҳайвон шохлари билан бир неча бор аёлга ҳужум қилган, оқибатда жабрланувчининг қовурғаларига жиддий шикаст етган ва у ҳодиса жойида вафот этган. Ҳолат юзасидан полиция қўчқорни ҳибсга олган. «Ҳайвоннинг эгаси айбсиз ва қўчқор жиноят содир этган, шунинг учун у ҳибсга олиниши керак, кейин иш одатий судга ўтади», — деган полиция.

Мамлакат қонунчилигига кўра, жазо муддати тугагандан сўнг маҳкум жабрланувчининг оиласига боради. Унгача қотилнинг эгаси товон сифатида қурбоннинг оиласига бешта сигир бериши керак.

Ҳурматли ҳурматлилар, балки, эндиям «қўйдек ювош» жумласи, «қўчқордек ўғил берсин» каби тилакни (аслида, қарғиш) тўхтатармиз?

ЖССТ яна эътибор марказида: ташкилот дунё мамлакатларини маймунчечак касаллигини назорат қилишни кучайтиришга чақирди.

Фото: «TheHealthSite.com»

Ташкилотнинг катта эпидемиологи Мария Ван Керкхов касаллик ҳолатлари 20 дан ортиқ эндемик бўлмаган мамлакатларда аниқлангани ва бу рақамлар кўпайишини таъкидлаган.

«Биз касаллик ҳолатлари кўпайишини кутмоқдамиз. Дунё мамлакатларидан назоратни кучайтиришни сўраймиз. Жараён қийин бўлади, аммо бу эндемик бўлмаган мамлакатларда вазиятни тўхтатишга ҳисса қўшади», — деган у.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE