Жаҳон - 23:57 · 27.05.2022

Дмитрий Медведев урушни ҳал қилишда Зеленскийга маслаҳат берди

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украина президенти Владимир Зеленскийга Генри Киссинжернинг урушни ҳал қилиш ҳақидаги таклифига қулоқ солишни маслаҳат берди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

АҚШ собиқ давлат котиби Киссинжер Украинанинг бир қисмини Россияга беришни таклиф қилганди. Ўз навбатида, Зеленский мазкур таклифга кескин жавоб қайтарган.

«Дунёдаги энг кекса сиёсатчилардан бири, АҚШнинг собиқ давлат котиби Киссинжер Киевни Москва билан музокараларда ён беришга, Европада даҳшатли вазият юзага келмасдан урушни ҳушёр ва реал баҳолаб, музокараларни имкон қадар тезроқ бошлашга чақирди. Бу ёш хўроз донороқ лочинни тинглаши керак бўлган вазият. Айтганча, кўп йиллар давомида ҳурматли чолнинг Россияга ҳамдардлиги сезилмади, лекин у доимо оқилона ўйларди», — деган Медведев.

Шу билан бирга, у Зеленскийга ҳеч ким буйруқ бермаганини таъкидлаган.

«Украина президенти уни муросага чақирган Киссинжер ва ‘New York Times’ газеталарига 1938 йилни ва кейин Мюнхенни эслатаганди. Зеленский Украина ерларига чанқоғи бор ва фашистлар Германиясининг ютуғи тинч ухлашига имкон бермаган Польшадаги ҳамкорларига Мюнхен ҳақида эслатиши тўғрироқ бўларди», — дейди Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари.

Аввалроқ Медведев Россия учинчи жаҳон урушининг бошланишига йўл қўймаслигини айтганди. Шунингдек, у Россияга қарши санкциялардан кейин дунёда нималар ўзгаришини маълум қилган.

Bugun — LIVE