Жамият, Жаҳон, Иқтисод, Сиёсат - 9:09 · 27.05.2022

Жаҳон банки камбағалликни қисқартиришда Ўзбекистонга қандай ёрдам беради?

Бухоро шаҳрида 26 май куни «Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форуми» бошлангани ҳақида хабар берилганди. «Bugun.uz» мухбири форум давомида Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованеллидан мамлакатдаги камбағаллик даражасини қандай баҳолиши ва уни бартараф этишда банк томонидан қандай лойиҳалар амалга оширилишини сўради.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

«Ҳар қандай ўзгаришлар ҳимояга муҳтож қатламларни ҳам ичига қамраб олиши керак. Шу билан бирга, иқтисодий ўсиш ҳар бир аҳоли учун манфаатли бўлиши инобатга олиниши зарур. Ўзбекистон ўз олдига асосий иккита мақсад — аҳоли жон боши даромадини ошириш ва камбағаллик даражасини икки баробарга қисқартиришни қўйган.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасида бир кун аввал ҳамкорлик стратегияси имзоланди. Бу стратегия 2022–2026 йилларни ўз ичига олиб, у Ўзбекистон ҳукуматига келгуси 5 йилда кўрсатиладиган ёрдамнинг йўналишларини белгилаб беради. Бунда ҳам молиявий, ҳам маслаҳат бериш, билим алмашиш орқали ёрдам берилади. Стратегияда 3 та асосий йўналиш бўйича ёрдам кўрсатилади:

  • Янги иш жойларини яратиш мақсадида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш;
  • Инсон капиталларига унинг салоҳияти, билимини оширишга инвестиция киритиш;
  • Босқичма-босқич иқтисодиётни яшиллаштириш;

Айтиш керакки, Ўзбекистоннинг камбағаллик даражасини ўлчаш унинг қайси меъёрларда баҳоланишига боғлиқ. Баъзи давлатларга мос келадиган мезонлар Ўзбекистонда бошқача бўлиши мумкин. Лекин умумий қилиб айтганда Ўзбекистонни бошқа мамлакатлар билан таққослайдиган бўлсак, даражаси нисбатан яхши ҳолатда. Мезон сифатида биз кўпрок истеъмол рейстери, даражасига қараймиз. Ўзбекистон эса ҳозирги кунда ўрта даромад даражасидан пастроқ, деб қабул қилинган. Лекин бошқа мамлакатларга нисбатан бу яхши кўрсаткич», — деди ваколатхона раҳбари.

Шунингдек, у Жаҳон банки Ўзбекистонда камбағаллик билан боғлиқ бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келаётгани ҳақида гапириб, асосан, қайси йўналишларга эътибор қаратилганига тўхталиб ўтди.

«Асосан, қишлоқ ҳудудларидаги аҳолига кўпроқ эътибор қаратилади. Чунки қамбағаллар қатлами кўпроқ қишлоқ ҳудудларда истиқомат қилади ва шу билан бирга, бева, ёлғиз аёллар, боқувчисини йўқотган хонадонлар мавжуд. Бизнинг мақсадларимиздан бири камбағалликни қисқартиришда ёрдам бериш ва уларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Буларнинг барчаси мамлакат билан имзоланган ҳамкорлик стратегиясида ҳам кўзда тутилган.

Умуман олганда, Жаҳон банкининг деярли барча лойиҳалари камбағалликни қисқартиришга қаратилган. Мисол учун, мактабгача ёшдаги, мактабдаги болалар онгини ривожлантириш, кичкиналигидан бошлаб уларни юқори билимга эга бўлган шахс сифатида тарбиялашга қаратилган. Шунингдек, олий таълим соҳасида ҳам ёрдам кўрсатилмоқда», — дея таъкидлади Марко Мантованелли.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ЯИМ ўсишини прогноз қилганди. Бундан ташқари, Жаҳон банки Андижон шаҳрининг иссиқлик таъминотини реконструкция қилиш учун 36 млн доллар ажратиши ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE