Жамият, Фарғона - 16:52 · 27.05.2022

Риштонда халқаро кулолчилик форуми ўтказилади

Фарғона вилояти Риштон туманида 2022 йилнинг центябр ойида «Халқаро кулолчилик форуми ва кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси» ўтказилади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Мазкур тадбир Президентнинг «Халқаро кулолчилик форуми ва кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдосини ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилмоқда.

Форумнинг мақсади жаҳон иқтисодиётида муҳим тармоқ ҳисобланган ҳунармандчиликни кенг тарғиб қилиш, ҳунармандчиликнинг асосий йўналишларидан бири бўлган кулолчилик анъаналари ва мактабларини сақлаш, соҳадаги илмий изланишлар кўламини кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш, янги иш ўринларини яратиш ва иқтидорли ҳунармандларни рағбатлантиришдан иборатдир.

Кўргазма доирасида «Анъанавий кулолчиликни сақлаш ва уни ривожлантириш: муаммо ва ечимлар» илмий-амалий конференцияси, кулолчилик маҳсулотлари кўрик-танлови, хорижий ва маҳаллий усталари маҳорат дарслари, халқ сайиллари, концерт дастурлари, кўргазмалар, кулолчиликка оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойишлари, устахоналарга экскурциялар ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади. Форум якунида ғолиб ва совриндорлар тақдирланади.

Тадбир ташкилотчилари — Фарғона вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Кинематография агентлиги ва Бадиий академия.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Ўзбекистонда 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта сентябрь ойида Халқаро кулолчилик форуми ва кўргазма-савдоси, Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилиши белгиланган.

Bugun — LIVE