Жамият - 23:33 · 27.05.2022

Сенатда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурига оид халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

Олий Мажлис Сенатида 27 май куни Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастурининг «Йўл харитаси»ни муҳокамасига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Мазкур тадбир Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда мамлакатимиз ва Халқаро меҳнат ташкилотининг экспертлари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг вакиллари ва оммавий ахборот воситаларининг ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатини Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун бюроси директори О.Кулаева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси К. Рафиков ҳамда Ўзбекистон иш берувчилари Конфедерацияси раиси И.Хайдаров кириш сўзлари билан очиб берди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо давлат сифатида халқаро мажбуриятларига тўлиқ ва қатъий амал қилиб, ташкилот билан мамлакатимизда меҳнат муносабатларини ривожлантириш бўйича изчил ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева таъкилаб ўтганинидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорлик бутунлай янги босқичга кўтарилди, меҳнат муносабатларини такомиллаштириш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг тарғиб этиш бўйича қатор лойиҳалар ва дастурлар амалга оширилган. Натижада меҳнат муносабатлари тизими тубдан такомиллаштирилди, соҳага халқаро стандартлар жорий этилди, фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари изчил таъминланмоқда.

Ўзбекистоннинг меҳнат муносабатларини такомиллаштириш ҳамда соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ишларига тизимли ва комплекс ёндашув халқаро ҳамжамият, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда ва халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда.

Сўзга чиққанларнинг алоҳида таъкидлашича, Халқаро меҳнат ташкилоти билан биринчи йирик дастур «2014»2016 йилларга мўлжалланган ва кейинчалик 2020 йилга қадар узайтирилган «Ўзбекистонда муносиб меҳнат дастури» бўлди. Унинг ижроси тўлиқ бажарилган ва соҳани такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшган.

Давра суҳбати иштирокчилари муносиб меҳнат шароитларини янада такомиллаштириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 2021 йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган «Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат дастури» ва уни 2022-2023 йилларда амалга ошириш «Йўл харитаси» юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Жумладан, «Йўл харитаси»да муносиб меҳнат шароитларини такомиллаштиришга қаратилган 50 дан ортиқ тадбирлар режалаштирилган бўлиб, улар меҳнат қонунчилигини халқаро стандартларга мослаштириш, норасмий бандликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш каби масалаларга қаратилганига урғу берилди.

«‘Йўл харитаси’ мамлакатда муносиб меҳнат тамойилларини тарғиб қилишнинг ўзига хос асосий формуласига айланади ва Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш учун янги имкониятларни очиб беради, шунингдек, иқтисодий имкониятларни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратишга, энг муҳими, иқтисодиёт, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришга хизмат қилади», — деб таъкидлади Т.Нарбаева.

Бу борада Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар Янги Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини ривожлантиришнинг асосий омилига айланаётгани қайд этилди.

ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Бюроси директори О.Кулаева Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда, меҳнат муносабатларидаги ўзгаришлар Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан юқори баҳоланишини таъкидлаб ўтди.

Хусусан, яқинда Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтган «Болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича 5-Глобал конференция»да халқаро конференция иштирокчилари томонидан болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар юксак баҳоланганлиги, соҳада эришилган натижалар мамлакатда муносиб меҳнат тамойилларини жорий этишда, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши, шунингдек Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатлар учун намуна бўлиши лозимлиги таъкидланганлиги қайд этилди.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда «Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича янги Мамлакат дастури»ни 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» лойиҳаси қайта кўриб чиқилди ва уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенатда қуролга доир қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш рад этилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарамлар сони маълум қилинган.

Bugun — LIVE