Жаҳон - 9:37 · 27.05.2022

Суданда аёлни ўлдирган қўчқор уч йилга қамалди

Жанубий Суданнинг Румбек шаҳрида апрель ойида 45 ёшли аёлни ўлдирган қўчқорга ҳукм эълон қилинди. Бу ҳақда «NDTV» хабар берди.

Фото: «Morocco World News»

Маълум қилинишича, ҳайвон шохлари билан бир неча бор аёлга ҳужум қилган, оқибатда жабрланувчининг қовурғаларига жиддий шикаст етган ва у ҳодиса жойида вафот этган. Ҳолат юзасидан полиция қўчқорни ҳибсга олган. «Ҳайвоннинг эгаси айбсиз ва қўчқор жиноят содир этган, шунинг учун у ҳибсга олиниши керак, кейин иш одатий судга ўтади», — деган полиция.

Таъкидланишича, қўчқор қотилликда айбдор деб топилиб, уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ҳайвон Суданнинг Адуэль туманидаги ҳарбий базага юборилади.

Мамлакат қонунчилигига кўра, жазо муддати тугагандан сўнг маҳкум жабрланувчининг оиласига боради. Унгача қотилнинг эгаси товон сифатида қурбоннинг оиласига бешта сигир бериши керак.

Аввалроқ Туркияда мутант эчки туғилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Австралияда мушукларга уйдан ташқарига чиқиш тақиқланганди.

Bugun — LIVE