Жамият, Сурхондарё - 19:35 · 27.05.2022

Сурхондарёда ўқувчини калтаклаган ўқитувчи иши судга оширилди

Сурхондарё вилояти Бандихон туманидаги 4-мактабда 27 апрель куни ўқувчини калтаклаган ўқитувчи ишдан бўшатилгани хабар қилинганди. Бош прокуратура матбуот хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, Ю.Ш.га оид иш судга оширилди.

Скрин: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум қилинишича, ўқитувчига нисбатан 26 май куни қўзғатилган маъмурий жавобгарликка оид иш мазмунан кўриб чиқишлик учун жиноят ишлари бўйича Бандихон тумани судига юборилган.

Аниқланишича, ҳолат 27 апрель куни содир бўлган, 15 май куни ижтимоий тармоқларга чиқарилган. Синф раҳбари Э.Ж. хонага кириб, ўқувчиларнинг ўзаро жанжалини ижтимоий тармоққа ким тарқатганини муҳокама қилган. Ўқувчи Х.И. синф раҳбари ва инглиз тили ўқитувчисига гап қайтаргани учун Ю.Ш. жаҳл устида уни калтаклаган.

Аввалроқ мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ю.Ш. билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилганди. Ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан терговга қадар суруштирув ишлари олиб борилган.

Bugun — LIVE