Иқтисод - 10:01 · 27.05.2022

«‘Темир дафтар’ ва ҳоким ёрдамчилари Ўзбекистоннинг ўз инновациялари ҳисобланади» — Обид Ҳакимов

Бухоро шаҳрида «Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форуми» бўлиб ўтаётгани хабар қилинганди. «Bugun.uz» мухбири форум иштирокчиларидан бири — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовдан мамлакатда камбағалликка қарши курашиш бўйича қандай ишлар қилингани ҳақида сўради.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Обид Ҳакимовнинг таъкидлашича, камбағалликни қисқаритириш ўтган асрнинг 80-йилларидан буён бутун дунёда энг долзарб масала ҳисобланади. 2020 йилгача дунёда камбағаллик кескин камайган. Пандемиядан кейин эса бу мавзу яна энг асосий ўринга чиққан.

«Ҳар бир мамлакатда камбағалликни қисқартириш бўйича янги инновациялари бор. Бу инновациялар барча мамлакатларда ҳам ишлайди деб айта олмаймиз. Чунки, у давлатдаги одамларнинг онги, турмуш тарзи, билим даражаси, айтайлик, менталитети ва институтларнинг тузилиш даражасига қараб тўғри келиши ҳам, келмаслиги ҳам мумкин.

Ўзбекистон ҳам 2020 йилда жаҳондаги яхши тажрибаларни олган ҳолда ва янги инновацияларни тарғиб этиб, камбағалликка қарши курашиш бўйича асосий дастурларини эълон қилди.

Масалан, камбағалликка қарши курашишда ‘Темир дафтар’, ‘Ёшлар дафтари’, ‘Аёллар дафтари’ ёки энг катта ютуқларга эга бўлаётган ҳоким ёрдамчилари Ўзбекистоннинг ўз инновациялари ҳисобланади. Бу инновациялар натижалари бугун мана шу форум доирасида муҳокама қилинмоқда ва жаҳондаги етакчи экспертлар ва халқаро молия институтлари тарафидан эътироф этилмоқда», — дейди эксперт.

Шунингдек, Обид Ҳакимов ҳоким ёрдамчилари тизими қанчалик самара бераётгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди:

«Ислоҳотларни ким қилади? Ислоҳотларни одамлар қилади. Агар сизда ислоҳотларни тушунадиган, малакали одамлар бўлмаса, ислоҳотлар пастгача тушмайди. Аввал бизда шундай бўлар эди, чунки пастда малакали одамлар йўқ эди. Ҳозир мана шу нарсага эришиш учун қанчалик оғир ва ҳаражатли бўлмасин, юқорида ва ўрта қатламда ишлаётган мутахассислар пастга туширилиб, ислоҳотлар тўла-тўкис амалга ошиши учун ҳоким ёрдамчилари тизими яратилди. Ва бу тизим ўз меваларини бермоқда», — дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори.

Шунингдек, «Bugun.uz» мухбири экспертдан Ўзбекистон камбағалликка қарши курашиш бўйича қилган учта энг яхши иш нимадан иборатлиги ҳақида сўради.

«Биринчиси, ижтимоий ҳимоя тизими кескин ўзгарди, бу жуда катта ютуқ. Масалан, 2019 йилда 500 мингга яқин одам ижтимоий ҳимоя билан қамраб олинган бўлса, ҳозирда бу рақам 1 миллион 900 минг нафарга етди. Шунингдек, бу ишларнинг барчаси ривожланган мамлакатлардаги каби тўлиқ автоматлаштирилган тизимга ўтди. Бу жуда ҳам катта ютуқ.

Иккинчиси, ҳоким ёрдамчилари тизими деб ўйлайман. Бу камбағалликка қарши курашиш бўйича қилинган инновациялардан бири ҳисобланади.

Учинчиси эса ҳар бир маҳаллада қилинаётган тадбиркорлик бўйича дастурлар ҳисобланади. Масалан, ўтган йил маълумотларига кўра, 1 миллиондан ортиқ одамлар оилавий тадбиркорлик дастурларида қатнашган. Яъни бир миллион одамларнинг ҳаётида қандайдир ўзгаришлар пайдо бўлган», — дейди Обид Ҳакимов.

Аввалроқ Янги Ўзбекистон иқтисодий стратегияси мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Обид Ҳакимов 2026 йилгача мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 107 миллиард долларгача етказиш асосий мақсад эканини айтганди. Шунингдек, Ислом тараққиёт банки йиллик анжумани доирасидаги нутқида Иқтисодий тадқиқот ва ислоҳотлар маркази директори Ўзбекистонга 2021 йилнинг биринчи ярмида энг кўп тўғридан-тўғри инвестиция киритган давлатлар ҳақида маълумот берган.

Bugun — LIVE