Жаҳон - 23:29 · 27.05.2022

Туркманистонда президентнинг онасига «Хизмат кўрсатган гиламдўз» унвони берилди

Туркманистоннинг Миллий Генгеш (парламент) мажлиси амалдаги президентнинг онаси ва собиқ президентнинг рафиқаси Огулгерек Бердимуҳамедовани «Хизмат кўрсатган гиламдўз» деб топишга қарор қилди. Бу ҳақда «Гундогар» хабар берди.

Фото: «Turkmen news»

Маълум қилинишича, қарорда Бердимуҳамедова мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, миллий гиламдўзлик санъатини ривожлантириш, «гиламларни муҳташам нақшлар билан безаш, кўп йиллик машаққатли ва виждонли меҳнати учун» «Хизмат кўрсатган гиламдўз» унвонига сазовор бўлгани қайд этилган.

Шунингдек, Туркманистон биринчи хонимининг Ахал вилояти Геоктепа шаҳрида жойлашган гилам фабрикасида кўп йиллар давомида «бенуқсон ишлагани»,«гиламдўзлик санъатида ноёб технологиялар»дан фойдаланиш тажрибасини қўллагани эътироф этилган. Буларнинг барчаси унинг моҳир гиламдўз сифатида катта обрў-эътибор қозониши, ёшларга ўрнак бўлишига имкон берган.

Огулгерек Бердимуҳамедова ҳақида кам нарса маълум. У камдан-кам ҳолларда омма олдида чиқади ва Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан деярли суратга тушмайди. 2021 йилнинг ноябрида турк ОАВлари илк бор Огулгерек Бердимуҳамедованинг суратини эълон қилган – сурат Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва рафиқасининг Ашхободга ташрифи чоғида олинган.

Аввалроқ Туркманистонда президент шарафига 2022 йил шиори танланганди. Шунингдек, Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистон президентига зотдор от совға қилганди.

Bugun — LIVE