Жаҳон - 16:19 · 27.05.2022

Ер атмосферасида янги кимёвий модда аниқланди

Даниянинг Копенгаген университети олимлари Ер атмосферасида юқори реактив кимёвий модданинг янги турини аниқлади. Бу ҳақда «Science Alert» хабар берди.

Фото: «NASA»

Модданинг табиат ва инсон саломатлигига қандай таъсири ҳозирча номаълум. Мутахассислар у органик гидротриоксид эканини аниқлаган. У сув (H2О) билан бир хил элементлардан иборат, лекин учта кислород атомини ўз ичига олади. Илгари кимёгарлар гидротриоксидни лаборатория шароитида олиши мумкин бўлган. Янги тадқиқот гидротриоксидларнинг атмосферада барқарор тузилмаларни шакллантиришга қодирлигини биринчи марта кўрсатган.

«Эҳтимол, улар доимо мавжуд бўлган, аммо биз бу ҳақда билмасдик», — деган кимёгар Хенрик Грум Кьергаард.

Олимлар ҳавода мавжудлиги исботланган бир қанча моддалардан атмосфера шароитида гидротриоксид ҳосил бўлиш жараёнини кузатган ва бирикманинг синтезини, шунингдек, унинг сақланиш ва парчаланиш вақтини таҳлил қилиш имконига эга бўлган. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, изопрен деб аталадиган модда атмосферада реакцияга киришиб, йилига 10 миллион метрик тонна гидротриоксид ҳосил қилиши мумкин ва бу ягона манба эмас.

Мутахассислар фикрига кўра, назарий жиҳатдан деярли ҳар қандай бирикма гидротриоксид ҳосил бўлишида иштирок этиши мумкин, кейинчалик у ҳавода бир неча дақиқадан бир неча соатгача қолади. Бу вақт ичида у кучли оксидловчи восита сифатида кўплаб бошқа реакцияларга киришга муваффақ бўлади.

Аввалроқ Ер атмосферасида янги метеорологик ҳодиса аниқланганди. Шунингдек, NASA астрономлари номаълум атмосферага эга сайёрани тадқиқ этганди.

Bugun — LIVE