Жамият - 22:33 · 28.05.2022

Андижонда ўгай қизига шафқатсиз муносабатда бўлган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Андижон вилояти Олтинкўл туманида яшовчи Х.М. ўгай қизи И.Ҳ.га нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани аниқланганди. Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, ҳолат бўйича Андижон вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси дарҳол воқеа жойига етиб борган ва зудлик билан ўрганишга киришди, мутасаддилар жалб қилинган. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ҳолат батафсил ўрганилиб чиқилган.

Аниқланишича, 1992 йилда туғилган ўгай она М.Х. Олтинкўл тумани «Ганжиравон» маҳалласида яшовчи, 2011 йилда туғилган вояга етмаган Ҳ.И.ни 3 йил давомида уриб, қийнаб келган ва турли даражадаги тан жароҳати етказган.

22 май куни И.Ҳ. ота томондан бобоси ҳамда бувиси истиқомат қилаётган уйга қочиб келган. Уларга бўлган воқеани айтиб берган ва шу маҳалладаги яшовчи (вафот этган онаси томондан) бувиси Қ.Знинг яшаш хонадонига олиб бориб қўйишни илтимос қилади. У ерда эса холаси Р.З жияни И. Ҳ.га нисбатан етказилган тан жароҳатларини видеотасвирга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаган.

27 май куни вояга етмаган И. Ҳ.даги тан жароҳатларининг оғирлик даражасини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Олтинкўл тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан 28 май куни Х.Мга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ воқеа юзасидан Олтинкўл тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани хабар қилинганди.

Bugun — LIVE