Жаҳон - 22:00 · 28.05.2022

АҚШни айблаган Россия, Путинни айблаган Байден, Байденни айблаган Володин

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 28 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Reuters»

Кремль Киевга эҳтимолий ҳужумни яна бир бор муҳокама қилмоқда ва бир неча ой ичида «Украинадаги урушда ғалабага эришишга» умид қилмоқда. Бу ҳақда Кремлга яқин икки манба ва Россия президенти маъмуриятидаги бир суҳбатдош «Медуза»га маълум қилди.

Келтирилишича, Украина расмий вакилларининг Россия ҳарбийларининг Донбассдаги ҳужумига оид баёнотлари тобора хавотирга солмоқда. Улардан баъзиларига қараганда, Киевни йирик мағлубият кутмоқда.

«Кремль 2022 йил май ойи охирида Донецк ва Луганскнинг бутун ҳудудини рус қўшинлари томонидан босиб олинишини ‘ғалабани эълон қилиш’нинг ‘минимал дастури’ деб ҳисоблайди. Ҳозир Украина назорати остида Луганск вилоятининг қарийб беш фоизи ва Донецк вилоятининг 40 фоиздан бир оз кўпроғи қолмоқда. ‘Максимал дастур‘ Киевни қўлга олишни билдиради. Катта эҳтимол билан, кузга келиб ҳаммаси тугайди», —дейди манбалардан бири.

Таъкидланишича, бундай прогноз нафақат Кремлда, балки «Ягона Россия» раҳбариятида ҳам тарқалган. Кремль уруш давом этса, Ғарб давлатлари Украинани молиявий ва қурол-яроғ билан оммавий қўллаб-қувватлашда давом этишига шубҳа қилмоқда.

«Эртами кечми, Европа Украинага қурол ва пул томондан ёрдам беришдан чарчайди. Кузга яқинроқ Россия билан иситиш мавсуми учун газ ва нефт бўйича музокаралар олиб бориш керак бўлади. Россия армияси иккинчи даражали аҳоли пунктларини эгаллаб олгани, уларда қандайдир муаммолар борлиги айтилмоқда. Ҳа, блицкриг (қисқа муддатли уруш режаси) иш бермади, аммо бу ғалаба қозониб бўлмайди, дегани эмас», — дейди исми ошкор қилинмаган Россия расмийси.

Австрия канцлери Карл Нехаммер 27 май куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Канцлернинг қайд этишича, Россия президенти билан Украинадаги вазият бўйича суҳбат ўта «қизғин ва жиддий» бўлган. Хусусан, маҳбусларни алмашиш масаласида Кремль раҳбари Украина билан фаол музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирган. Путин Халқаро Қизил Хоч қўмитасига украиналик ҳарбий асирларга ёрдам беришга ҳам рухсат берган.

Александр Лукашенко Украина томони Беларусь чегарадаги қўшинларини фаоллаштирганини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Президент чегарачилар куни муносабати билан ўтказилган байрам табригида бу бўйича маълумот берган.

«Бизнинг оғир замонамизда, худди саккиз ўн йил аввал бўлгани каби, Ватан сарҳадлари яқинида ҳам кескин ҳарбий-сиёсий вазият юзага келмоқда. Мудофаанинг олдинги сафида яшил қалпоқли аскарлар туради. Бугун биз учун матонат, мардлик, қасамёдга, халққа садоқат каби тушунчалар ўзгача маъно касб этмоқда. Бу фазилатлар билан чегарачилар ҳамиша ажралиб туради. Улар душманни қарши олиб, жонини аямай курашади», — деган Лукашенко.

Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин Жо Байден ва Владимир Зеленский очарчилик уюштирган президентлар сифатида тарихда қолишини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида ёзган.

Сиёсатчининг айтишича, Байден ва Зеленский Украинада содир бўлаётган воқеалар оқибатларини тушуниши керак.

«Биринчидан, бугунги кунда Украинадаги вазият оддий эмас: унинг кўплаб ҳудудларида баҳорги дала ишлари тўлиқ бажарилмаган. Бу озиқ-овқат танқислигига олиб келиши мумкин.

Ҳеч қандай ҳолатда дон экспорт қилинмаслиги керак. Бундан украиналикларнинг ўзлари жабр кўради.

Кузда ғалла йиғим-теримидан кейин мамлакатда озиқ-овқат бўйича қандай мувозанат шаклланишини аввало тушуниш керак.

Иккинчидан, Европа Иттифоқи Россия ва Белорусдан ўғитларни етказиб беришни тақиқлаб қўйган ҳолда, аллақачон уларнинг этишмаслигига дуч келди. Калий эса умуман йўқ.

Қабул қилинган санкциялар чуқур ўйламай жорий қилинган эди. Улар, биринчи навбатда, шундоқ ҳам озиқ-овқат билан боғлиқ муаммоларга дуч келган мамлакатларга зарба бўлди. Барча мамлакатларда, шу жумладан, Европада ҳам дон нархининг ошишига олиб келди.

Буларнинг барчаси шу йил охирида дунёнинг кўплаб мамлакатларида очарчиликни келтириб чиқариши мумкин.

Байден ва Зеленский ўз мақсадига эришади — улар сайёрамизда очарчилик уюштирган президентлар сифатида тарихда қоладилар», — деган Володин.

Маълумот ўрнида, ҳозирда Россия Украинанинг денгиз портларини тўсиб қўйган. Улар орқали мамлакатда етиштирилган доннинг катта қисми экспорт қилинарди. Украина буғдой ва маккажўхори етиштириш бўйича дунёдаги энг йирик мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Аввалроқ Владимир Зеленский Россия Осиё, Европа ва Африка учун катта аҳамиятга эга бўлган 22 миллион тонна дон экспортига тўсқинлик қилаётганини таъкидлаганди. Шунингдек, Украина Олий Радаси Россияни Украинанинг босиб олинган вилоятларидан 400 минг тоннага яқин донни ўғирлашда айблаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украинадаги тўқнашувлар оқибатида камида 4 минг 31 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, яна 4 минг 735 киши жароҳатланган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботларида қурбонлар билан боғлиқ вазият бироз кечикиш билан акс эттирилган, чунки жанговар ҳудудлардан маълумотлар кечикиш етиб келади.

Байден Путинни «Украина халқининг маданияти ва ўзига хослигини йўқ қилишга уринишда» айблади. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

Маълум бўлишича, АҚШ раҳбари бу ҳақда Ҳарбий-денгиз академияси битирувчилари олдидаги нутқида маълумот берган. Шунингдек, Америка президенти ўз нутқида Россиянинг Украинадаги мактаблар, шифохоналар ва бошқа фуқаролик инфратузилмаларига ҳужумларини қоралаган ва глобал ҳамкорликнинг мустаҳкамлигини юқори баҳолаган.

Россия маймунчечак АҚШ лабараторияларидан келиб чиққанини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Россия Қуролли кучларининг радиация, кимёвий ва биологик мудофаа кучлари бошлиғи Игор Кириллов бу бўйича маълумот берган.

Кириллов АҚШ биохавфсизликни қайта-қайта бузаётганини айтиб, ЖССТни Абужа, Зария ва Лагосдаги АҚШ томонидан молиялаштирилган лабораторияларни текширишга чақирган.

«Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирги кунга қадар маймунчечакка чалиганларнинг 98 фоизи жинсий алоқада бўлган 20 ёш йигитлар ҳисобланади», — дейди Кириллов. У АҚШда жойлашган лабораториялардан чечак қўзғатувчиси бўлган ампулаларнинг террорчилар қўлига тушиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган.

Шунингдек, россиялик расмий лабараториялардаги фаолият ноқонуний амалга оширилгани, чунки Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 1996 йилдаги резолюцияси чечак қўзғатувчисини фақат битта Америка лабораториясида – Атлантадаги Инфекцияни назорат қилиш ва олдини олиш марказида сақлашга рухсат берганини айтган.

Кириллов америкалик инструкторлар Украинадаги биолабораторияларда чечак тарқалишига шошилинч чоралар кўришни ўргатишганини айтиб, бу факт махсус операция давомида аниқланганини қўшимча қилган.

Bugun — LIVE