Жамият - 19:47 · 28.05.2022

«Байден ва Зеленский очарчилик уюштирган президентлар сифатида тарихда қолади» — Вячеслав Володин

Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин Жо Байден ва Владимир Зеленский очарчилик уюштирган президентлар сифатида тарихда қолишини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида ёзган.

Фото: «souzveche.ru»

Сиёсатчининг айтишича, Байден ва Зеленский Украинада содир бўлаётган воқеалар оқибатларини тушуниши керак.

«Биринчидан, бугунги кунда Украинадаги вазият оддий эмас: унинг кўплаб ҳудудларида баҳорги дала ишлари тўлиқ бажарилмаган. Бу озиқ-овқат танқислигига олиб келиши мумкин.

Ҳеч қандай ҳолатда дон экспорт қилинмаслиги керак. Бундан украиналикларнинг ўзлари жабр кўради.

Кузда ғалла йиғим-теримидан кейин мамлакатда озиқ-овқат бўйича қандай мувозанат шаклланишини аввало тушуниш керак.

Иккинчидан, Европа Иттифоқи Россия ва Белорусдан ўғитларни етказиб беришни тақиқлаб қўйган ҳолда, аллақачон уларнинг этишмаслигига дуч келди. Калий эса умуман йўқ.

Қабул қилинган санкциялар чуқур ўйламай жорий қилинган эди. Улар, биринчи навбатда, шундоқ ҳам озиқ-овқат билан боғлиқ муаммоларга дуч келган мамлакатларга зарба бўлди. Барча мамлакатларда, шу жумладан, Европада ҳам дон нархининг ошишига олиб келди.

Буларнинг барчаси шу йил охирида дунёнинг кўплаб мамлакатларида очарчиликни келтириб чиқариши мумкин.

Байден ва Зеленский ўз мақсадига эришади — улар сайёрамизда очарчилик уюштирган президентлар сифатида тарихда қоладилар», — деган Володин.

Маълумот ўрнида, ҳозирда Россия Украинанинг денгиз портларини тўсиб қўйган. Улар орқали мамлакатда етиштирилган доннинг катта қисми экспорт қилинарди. Украина буғдой ва маккажўхори етиштириш бўйича дунёдаги энг йирик мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Аввалроқ Владимир Зеленский Россия Осиё, Европа ва Африка учун катта аҳамиятга эга бўлган 22 миллион тонна дон экспортига тўсқинлик қилаётганини таъкидлаганди. Шунингдек, Украина Олий Радаси Россияни Украинанинг босиб олинган вилоятларидан 400 минг тоннага яқин донни ўғирлашда айблаган.

Bugun — LIVE