Жамият - 21:00 · 28.05.2022

Бугун оқшоми. Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифлар, Самарқандда отилган «ракеталар», Париждаги ЕЧЛ финали «қасос»ми?

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Мамаризо Нурмуродов Марказий банк бошқаруви раиси этиб қайта тайинланди. У яна 5 йил давомида регуляторга раҳбарлик қилади.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенатининг 28 май кунги йигирма олтинчи ялпи мажлисида Мамаризо Нурмуродов Марказий банк бошқаруви раиси этиб қайта тайинланди. Тайинлов Президентнинг тақдимномасига мувофиқ амалга оширилган.

Маълумот учун, раис 5 йил муддатга тайинланади. Нурмуродов ушбу лавозимга 2017 йилда келганди. Энди у яна 5 йил давомида (ҳаммаси режадагидек кетса) МБга раҳбарлик қилади.

Ўзбекистонда коррупцияга қўл урган шахслар энди давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди. Қонун 3 ойдан сўнг кучга киради.

Фото: «Bugun.uz»

Сенатнинг ялпи мажлисида бир қатор ҳужжатлар, хусусан, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди. Унга кўра, эндиликда коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди. Сенат аъзолари ушбу қонунни маъқуллаган. Янги қонун 3 ойдан сўнг кучга киради.

Алоҳида қайд этиш керакки, ушбу қонун нормалари фақатгина давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилади.

Бундан ташқари, муҳокама қилинган қонунда давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат органларининг асосий ваколатлари белгиланган. Хусусан, Президент, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли давлат органларининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

Сенатдан садолар: ер участкалари фақат аниқ тартиб асосида жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига олиб қўйилиши мумкин.

Самарқанд осмонида ракеталар: дўл ёғишининг олди олинди.

Самарқанд вилояти ҳудудида 27 май куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги гидрометеорологик жараёнларга таъсир кўрсатишни бошқариш хизмати атмосферага таъсир ўтказди. Халқ тилида айтганда, бу жараён «булут тарқатиш», «ёмғирни ҳайдаш» жараёни дейилади. Аммо бу ундай эмас.

«Бу таъсир атмосферада сув буғларининг бирлашиб, томчига айланиб, музлаб дўлга айланмаслиги учун атмосферага йодли кумуш заррачалар сочиш орқали дўл ҳосил бўладиган ячейка булутлар размерини катталаштиради», — деб ёзади гидрометеоролог.

Мутахассиснинг тушунтиришича, бундай жараёндан сўнг дўл ёғишининг олди олинади. Бу Алазан ракеталари ёрдамида амалга оширилади.

Украинадаги воқеалардан кейин «мусаффо осмон» тушунчасининг ҳақиқий маъносини англаб етишимиз керак. Осмонимиз доим мусаффо бўлсин (бу сўз бўлар-бўлмас жойларда қўлланавермасин), осмонимиздаги ракеталар фақатгина мана шундай безарар (ҳатто, фойдали) бўлсин.

Сифатли тиббий хизмат, таълим, ижтимоий ҳимоя — Конституцияни ўзгартириш бўйича фуқаролардан келаётган таклифларнинг аксари маълум қилинди.

Конституциявий комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиевга кўра, 28 май соат 10:00 га қадар 967 та таклиф келиб тушган. Таклиф билдиришда эркаклар фаолроқ: 641 та таклиф эркаклар, 263 таси эса аёллар томонидан юборилган. Таклифларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларига тегишли.

Фото: «Bugun.uz»

Одилжон Тожиевнинг баёнотидан шуни кўриш мумкинки, одамлар сифатли тиббиётни, таълимни ривожлантиришни ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришни хоҳламоқда. Яна бир эътиборга молик томони шундаки, фуқаролар экологияга ҳам бефарқ эмас, улар экологияга устувор аҳамият қаратишни сўрамоқда.

«Таклифларнинг соҳалар кесимида таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларга сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, ижтимоий химояни кучайтириш, экологияга устувор аҳамият қаратиш, хусусий мулк ҳимоясини муҳофаза қилиш, коррупцияга қарши курашиш каби масалаларнинг конституциявий кафолатларини кучайтиришга оид таклифлар келиб тушган», — деди Одилжон Тожиев.

Хўш, оламда нима гап?

Россия маймунчечак АҚШ лабараторияларидан келиб чиққанини айтди, Володин эса Зеленский ва Байденни очарчилик уюштирган президентлар деб атади.

Россия Қуролли кучларининг радиация, кимёвий ва биологик мудофаа кучлари бошлиғи Игор Кирилловнинг сўзларига кўра, маймунчечакнинг «Ғарбий Африка» штами Нигериядан келиб чиққан, у ерда АҚШнинг камида тўртта биологик лабораторияси жойлашган.

Фото: «Getty Images»

«Маймунчечак қўзғатувчиси ҳисобланган ‘Ғарбий Африкаʼ штами АҚШ биологик лабараториялари жойлашган Нигериядан келиб чиққан. Мавжуд маълумотларга кўра, Нигерияда Вашингтон томонидан назорат қилинадиган камида тўртта биологик лаборатория мавжуд», — деган у.

Кириллов АҚШ биохавфсизликни қайта-қайта бузаётганини айтиб, ЖССТни Абужа, Зария ва Лагосдаги АҚШ томонидан молиялаштирилган лабораторияларни текширишга чақирган. Россиялик яна бир амалдорнинг эса бунданда қизиқ баёноти бор.

Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин Жо Байден ва Владимир Зеленский очарчилик уюштирган президентлар сифатида тарихда қолишини айтди. Сиёсатчининг айтишича, Байден ва Зеленский Украинада содир бўлаётган воқеалар оқибатларини тушуниши керак.

Фото: «souzveche.ru»

Сиёсатчининг гапларини қисқартиролмаймиз, яхшиси тўлиғича ўқинг ва хулоса чиқаринг (ишониш ё ишонмаслик ўз қўлингизда, биз кўпроқ биринчисини тавсия қиламиз).

«Биринчидан, бугунги кунда Украинадаги вазият оддий эмас: унинг кўплаб ҳудудларида баҳорги дала ишлари тўлиқ бажарилмаган. Бу озиқ-овқат танқислигига олиб келиши мумкин.

Ҳеч қандай ҳолатда дон экспорт қилинмаслиги керак. Бундан украиналикларнинг ўзлари жабр кўради.

Кузда ғалла йиғим-теримидан кейин мамлакатда озиқ-овқат бўйича қандай мувозанат шаклланишини аввало тушуниш керак.

Иккинчидан, Европа Иттифоқи Россия ва Белорусдан ўғитларни етказиб беришни тақиқлаб қўйган ҳолда, аллақачон уларнинг этишмаслигига дуч келди. Калий эса умуман йўқ.

Қабул қилинган санкциялар чуқур ўйламай жорий қилинган эди. Улар, биринчи навбатда, шундоқ ҳам озиқ-овқат билан боғлиқ муаммоларга дуч келган мамлакатларга зарба бўлди. Барча мамлакатларда, шу жумладан, Европада ҳам дон нархининг ошишига олиб келди.

Буларнинг барчаси шу йил охирида дунёнинг кўплаб мамлакатларида очарчиликни келтириб чиқариши мумкин.

Байден ва Зеленский ўз мақсадига эришади — улар сайёрамизда очарчилик уюштирган президентлар сифатида тарихда қоладилар», — деган Володин.

Хуллас, қисқа қилиб айтганда, «нимани тушунмаётганингизни тушунмаслигингизни тушунишингиз — сизни қутқаради, нимани тушунмаётганингизни тушунмаслигингизни тушунаман деб билишингиз — сизни жарга етаклайди». Маълумот учун, ушбу иқтибос интернетнинг ҳар бир бурчагида машҳур бўлган блогерга тегишли.

Париждаги «оловли тун» олдидан: ЕЧЛ финали. Ким кимдан қасос олмоқчи?

Европа чемпионлар лигаси финалига «Ливерпуль» ва «Реал Мадрид» жамоалари етиб келганидан сўнг икки клуб футболчилари ва мураббийлари қасос ҳақида фикр билдиришни бошлади. «Bugun Sport» қасос мавзуси атрофидаги гап-сўзлар ҳақида маълумот беради. Мақолани тўлиқ шаклда бу ерда ўқишингиз мумкин.

Фото: «Sports.ru»

«Қироллик клуби»ни 14-чемпионлик кутиб турибдими ё уларнинг финаллардаги анаънаси бузиладими? Клопп иродали Анчелоттини мағлуб этоладими? Барча саволларга бугун тунда, соат 00:00 да старт оладиган учрашувда жавоб топамиз. Сизчи, сиз кимга муҳлислик қиласиз?

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE