Жаҳон - 17:08 · 28.05.2022

Дунёнинг 33 давлатида болаларда номаълум гепатит аниқланди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 33 давлатда 650 нафар болада номаълум ўткир гепатит аниқланганини эълон қилди.

Фото: «TIME»

Касалликнинг энг кўп ҳолати Европада кузатилган, гепатитнинг келиб чиқиши ҳозиргача аниқланмаган.

«Касалликлар клиник жиҳатдан оғир ва аксарият ҳолларда болаларда жигар етишмовчилигига олиб келиши мумкин», дейилади хабарда. ЖССТ дунёдаги барча касаллар орасида болаларнинг 6 фоизи жигар трансплантациясига муҳтожлиги, тўққиз киши вафот этганини айтган. Мутахассислар инфекциянинг манбасини аниқлай олмаган. Бундан ташқари айрим беморларда аденовирус ёки коронавирус қайд этилган.

Бироқ, гепатитнинг ушбу вируслардан кейин асорат сифатида пайдо бўлиши ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. ЖССТ мутахассислари ушбу гипотезани ўрганишда давом этмоқда ва касаллик хавфини глобал даражада ўртача деб баҳолайди.

Инфекцион ҳолатлари қайд этилган давлатлар: Аргентина, Австрия, Бельгия, Болгария, Канада, Кипр, Дания, Франция, Греция, Индонезия, Ирландия, Исроил, Италия, Япония, Малдив ороллари, Мексика, Молдова, Нидерландия, Норвегия, Фаластин, Панама, Польша, Португалия, Жанубий Корея, Руминия, Сербия, Сингапур, Словакия, Словения, Испания ва Швеция.

Аввалроқ дунё бўйлаб болалар орасида тарқалаётган номаълум гепатит сабаби айтилганди. Шунингдек, коронавирус болаларда оғир жигар касаллигига олиб келиши маълум қилинган.

Bugun — LIVE