Жамият - 13:03 · 28.05.2022

Ўзбекистонда «снос»га асос бўладиган ҳолатларнинг аниқ рўйхати шакллантирилади

Ўзбекистонда ер участкалари фақат аниқ тартиб асосида жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига олиб қўйилиши мумкин. Бу ҳақдаги қонун Сенатнинг 28 май куни ўтказилган йигирма олтинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, мажлисда «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ва «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар кўриб чиқилган.

Хусусан, қонунда ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати аниқ қилиб кўрсатилган. Ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш қатъиян таъқиқланиши белгиланган.

Шунингдек, бузилишга тушган ҳудудда жойлашган ерга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлмай туриб, ўн беш йил давомида кўчмас мулкка ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келган шахсларга ҳам ушбу кўчмас мулк объекти учун солиқлар тўлаб келингани тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объекти қийматининг ўрни қопланади. Қонун билан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳузурида компенсация комиссиялари тузилади.

Таъкидланишича, жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод ва доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун қонунчиликда белгиланган компенсация тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

«‘Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида’ги қонун халқимизни қийнаб келаётган давлат идоралари томонидан ўзбошимчалик билан ер участкаларини олиб қўйиш, бино ва иншоотларни бузиб ташлаш ҳолатларига чек қўяди. Асоссиз ‘снос’ларга барҳам берилади» — дейди Танзила Норбоева.

Сенат раисининг таъкидлашича, бундан буён ер участкасини олиб қўйиш бўйича ташаббус маҳаллий кенгашларнинг мажлисларида ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирокида очиқ кўриб чиқилади, натижалари эълон қилинади.

Шунингдек, ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг аниқ рўйхати кўрсатилади.

Маълумот ўрнида, бериладиган компенсация турлари пул маблағлари, шу жумладан турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни вақтинчалик ижарага олиш учун пул маблағлари, бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб беришдан иборат. Ушбу қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ер участкаларини ажратиш тартиби белгиланганди. Шунингдек, ер участкалари бўйича Президент фармони нега жамоатчилик муҳокамасига қўйилмагани айтилганди.

Bugun — LIVE