Жамият, Қашқадарё - 18:10 · 28.05.2022

Қашқадарёдаги хонадонлардан бирида жуда кўп миқдорда эшак сўйилмоқда — видео

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жуда кўп миқдорда эшак сўйилаётгани айтилди. Бу ҳақда «Nasafnews» хабар берди.

Скрин: Telegram / @mobilmuxbiruz

Таъкидланишича, сўйилган эшакларнинг ҳидидан азият чекаётган фуқаролар «Nasafnews»га мурожаат қилган. Абдулҳамид қишлоғида жойлашган хонадон ҳовлисига фуқаролар мурожаати сабаб профилактика инспектори ва ички ишлар бўлими ходимлари борган. Кадрларда ҳовлида эшакнинг суяклари ва бош қисми ётганини кўриш мумкин.

«Кечқурун суякларни ёқишади, ташқарига чиқсак нафас ололмаймиз. Қанақа замонда яшаяпмиз, гапимизни тинглайдиган одамнинг ўзи йўқ. Кечаси билан ‘Isuzuʼни тўлдириб эшак олиб келади», — дейди қўшни хонадондаги аёл.

Қишлоқ аҳолиси мазкур хонадондан  жуда кўп миқдорда гўшт маҳсулотлари машиналарга ортилиб, олиб кетилганини маълум қилган. Таъкидланишича, муаммо фақат эшак сўйилаётганида эмас. Ҳайвонларнинг ичак ва суяклари қишлоқ яқинида жойлашган тепаликка ташлаб кетилаётгани айтилган.

Хонадон эгаларининг маълум қилишича, эшак гўшти уларга сотиш учун эмас, товуқ ва итларга бериш учун керак.

«Буғдой 5 минг сўм, бир кило картошка 7 минг бўлди. Дон ололмаяпман, нима қилай? Болаларимга иккита тухум бўлсин дейман», — деган хонадонда яшайдиган аёл. «Қўшниларининг ўзи эшакларни олиб келиб топширганидан кейин мен нима қилишим керак? Биз боқа олмаяпмиз деб, ҳайвонларни ўзлари олиб келиб, ташлаб кетишади», — деб қўшимча қилган аёл.

Ҳолатни ўрганган Ички ишлар ходимлари вазият юзасидан қонуний чора кўрилишини маълум қилган.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Косон туманидаги хонадонда эшак сўйилгани аниқланганди. Шунингдек, Қашқадарёда уйида эшак сўйиб сотган эркакка суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE