Жаҳон - 8:11 · 28.05.2022

Россия ва Хитой АҚШ резолюциясига вето қўйди

Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик кенгашида АҚШнинг КХДРга қарши санкцияларни кучайтириш бўйича резолюция лойиҳасига вето қўйди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «CGTN»

Резолюцияни Хавфсизлик кенгашининг 13 аъзоси қўллаб-қувватлаган. Унда кенгаш Шимолий Корея томонидан 24 март куни қитъалараро баллистик ракета учирилиши ва бошқа бир қатор яқинда учирилган ракеталарни кескин қоралаган. Лойиҳада 2017 йилдаги 2397-сонли резолюция матнига ишора қилинган: «Fгар КХДР янги ядро синови ўтказса, баллистик ракета учирса ёки бундай ракетани яратишга олиб келадиган синов ўтказса, БМТ Хавфсизлик Кенгаши мамлакатга нефть экспортини янада чеклаш чораларини кўради».

Резолюция муаллифлари Пхеньянга нефть етказиб бериш ҳажмини камайтиришни таклиф қилган. Агар бунгача Хавфсизлик Кенгаши Шимолий Кореяга йил давомида 4 миллион баррель (525 минг тонна) нефть етказиб беришга рухсат берган бўлса, амалдаги лойиҳа бу ҳажмни 3 миллион баррелга (393 750 тонна) қисқартирган. Агар резолюция қабул қилинса, КХДР минерал ёқилғи, нефть маҳсулотлари, соатлар ва улар учун эҳтиёт қисмлар экспортини тўхтатиши керак.

Барча давлатлар Шимолий Кореядан ушбу товарларни сотиб олишга тақиқ қўйиши керак. Матнда, шунингдек, БМТга аъзо барча давлатлар КХДРга тамаки маҳсулотларини тўғридан-тўғри ёки билвосита етказиб бериш, сотиш ёки ўтказишни тақиқлаши кераклиги таъкидланган. Резолюция лойиҳасида Шимолий Кореядан ахборот-коммуникация технологиялари билан боғлиқ хизматларни харид қилишни осонлаштириш тақиқланган.

Бундан ташқари, резолюция муаллифлари КХДР балликстик ракеталари ишлаб чиқаришини назорат қилувчи Ким Су Илянинг активларни музлатиш ва саёҳатига чек қўйишни таклиф қилган. Шунингдек, унда Шимолий Кореянинг Lazarus Group кибертузилмаси ва иккита компанияси — Korea Namgang Trading Corporation ва Haegumgang Trading Corporation активларини музлатиш илгари сурилган.

Йиғилишда Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Москва Пхеньянга қарши янги санкциялар жорий этиш боши берк кўча экани, Россия Корея ярим ороли ва Шимолий-Шарқий Осиё мамлакатларига таҳдид соладиган ҳар қандай ҳарбий фаолиятга қаршилигини айтган.

Хитой элчиси Чжан Цзюнь КХДРга қарши янги санкциялар Корея ярим ороли муаммосини ҳал қилишга ёрдам бермаслигини таъкидлаган. Пекин Пхеньяннинг «қонуний хавотирларини» ҳисобга олиб, Вашингтонни Шимолий Кореяга нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқишга ундаган.

Аввалроқ Хитой Россия ва АҚШда мавжуд бўлмаган гипертовушли ракетани ишлаб чиқариши маълум қилинганди. Шунингдек, Хитой АҚШ билан дўст бўлишнинг оқибати ҳақида хабар берган.

Bugun — LIVE