Жамият, Тошкент ш. - 16:12 · 28.05.2022

Тошкентда икки бола 8-қаватдаги панжара ўрнатилмаган дераза токчасида ўтирди — видео

Тошкент шаҳар Чилонзор туманида икки нафар вояга етмаган бола 8-қаватдаги панжара ўрнатилмаган дераза токчасига чиқиб олди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, Чилонзор туманида содир бўлган хавфли ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган. Унда икки нафар вояга етмаган болани катталар 8-қаватдаги панжара ўрнатилмаган дераза токчасига чиқишига йўл қўйиб, уларнинг ҳаётига хавф туғдиргани акс этган.

Aниқланишича, шу куни болалар ёнида уларнинг бувиси, «Катта Олмазор» маҳалласида яшовчи 1962 йил туғилган М.У. бўлган. Аёл икки нафар вояга етмаган набираларини назорат қилмаганлиги оқибатида, улар 8-қаватнинг панжара ўрнатилмаган дераза токчасида ўтирган.

Мазкур ҳолат юзасидан 27 май куни «Катта Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғинида муҳокама ўтказилган. Йиғилишда болалар хавфсизлигини уларнинг ота-оналари томонидан таъминлаш масаласи кўтарилиб, мавжуд вазият муҳокама қилинган. Хонадон эгалари билан психолог-инспекторлар иштирокида, бундай лоқайдлик ва эътиборсизлик натижасида юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатлар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.

Аввалроқ Навоийда 53 ёшли эркак набираси билан 4-қаватдаги эскалатордан тушиб кетганди. Шунингдек, Андижонда университетнинг 4-қаватидан тушиб кетган аёл вафот этгани хабар қилинганди.

Bugun — LIVE