Жамият - 17:48 · 29.05.2022

Фото: Тошкентда 72 ёшли аёлда ноёб операция ўтказилди

Тошкентдаги замонавий клиникалардан бирида 72 ёшли аёлда ноёб кардиожарроҳлик операцияси ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Маълум бўлишича, етти сантиметрлик кичик кесма орқали кам инвазив усулда ва оғир жароҳатларсиз 72 ёшли беморнинг аорта клапани алмаштирилган. Кам инвазив муолажа — тиббиётда аллақачон кенг оммалашаётган усул. Аорта клапанини алмаштириш амалиёти ҳам кардиохирургияда кўп йиллардан бери мавжуд.

Мазкур клапанни ўрнатиш учун анъанавий операциядаги сингари танани очиб, 1,5–2 соат давомида юракни тўхтатиб қўйиш шарт эмас. Бу жараён учун 10-15 дақиқа кифоя қилган.

Қайд этилишича, жарроҳлик амалиётга Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон-томир жарроҳлиги марказида тажриба орттириб қайтган кардиожарроҳ Рустам Ёрбеков бошчилик қилган.

«Авваллари мамлакатимизда бундай инсонлар ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Қолаверса, дунёнинг энг ривожланган давлатлари клиникаларида ҳам бу сингари операциялар ҳар доим муваффақиятли ўтказилмаган. Энди эса Ўзбекистон тиббиёти янги босқичга кўтарилиши, хусусан, кардиохирургия соҳасига илм-фаннинг сўнгги ютуқлари кенг татбиқ этилиши юртдошларимизни узоқ йўл босиб, катта маблағ сарфлаб хорижий мамлакатларда даволаниш ташвишидан халос этди», — дейди шифокор.

Аввалроқ Фарғонада атеросклероз касаллигига чалинган 2 нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилганди. Бундай операция вилоятда илк бор бажарилган.

Bugun — LIVE