Сиёсат - 18:51 · 30.05.2022

АҚШ «Толибон» Афғонистонни босиб олишини аввалдан билармиди?

Тошкент шаҳридаги «Hyatt» меҳмонхонасида 27 май куни Америка Қўшма Штатларининг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Вест билан учрашув ташкиллаштирилди. «Bugun.uz» мухбири жараёнда иштирок этиб, вакил билан интервью уюштирди.

Фото: «Bugun.uz»

Томас Вест суҳбат давомида Афғонистондаги ижтимоий ва иқтисодий инқироз сабаби, «Толибон»нинг ҳукуматга келиши ва амалдаги сиёсати, қочоқларни ҳимоя қилиш дастури ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги вазият тўғрисида саволларга жавоб берди. Интервью қуйида тўлиқ матн шаклида берилади.

— Афғонистон инқирозининг сабаби нимада?

— Афғонистондаги инқирозли вазият барчани хавотирга солмоқда. У ерда гуманитар инқироз биринчи ўринда турибди. Мамлакатда озиқ-овқат, дори-дармон танқислиги жуда ҳам сезиларли ҳолатда.

Афғонистонда бир неча омиллар ҳозирги вазиятни келтириб чиқарди. Бу омиллардан бири ҳудудда 30 йилдан бери қурғоқчилик ҳукм сураётганидир. Қолаверса, коронавирус пандемияси пайтида вазият янада ёмонлашди.

Шу билан бирга, Афғонистон одатда халқаро ҳамжамият ёрдамига таянадиган мамлакат ҳисобланади. «Толибон» ҳукуматга келиши четдан келадиган ёрдамнинг сезиларли камайишига олиб келди.

Менимча, ҳозирги вазиятда ким айбдор деган саволни қўйиш фойда бермайди. Биринчидан, халқаро ҳамжамият+«Толибон»+аввалги ҳукумат биргаликда вазиятни юмшатиш учун нимадир қила оларди.

— АҚШ «Толибон» Афғонистонни босиб олишини аввалдан билармиди?

— Биз Афғонистон ва АҚШ ҳарбийлари биргаликда курашиб, «Толибон»нинг ҳукуматга келишини олдини олади, деб режалаштирган эдик. Афсуски, вазиятни тўғри баҳолай олмаганмиз.

— АҚШ Афғонистонни инқирозли ҳолатдан чиқариш учун қандай чоралар кўрмоқда?

— Ҳозирда жуда ҳам кўп ишларни амалга оширишга ҳаракат қиляпмиз. Биринчидан, 1 миллиард долларга яқин гуманитар ёрдам кўрсатилди. Иккинчидан, Жаҳон банки, Халқаро Қизил хоч жамияти ва бошқа донорлар қаторида Афғонистонга таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ёрдам бериб келинмоқда.

Шу билан бирга, «Толибон» ҳукумати расмийлари билан бевосита мулоқот олиб боряпмиз. Фикримизча, қизларнинг таълим олмаслиги тўғри эмас. Бу фақатгина Афғонистонни ёмонотлиқ қилиши мумкин.

— Афғонистондан қочиб кетган, хусусан, Ўзбекистонга ўтган фуқаролар учун қандай чоралар кўрилган?

— АҚШ қочоқлар билан ишлаш бўйича дунёдаги энг катта донор ҳисобланади. Бизнинг давлат департаментида мигрантлар билан ишлайдиган алоҳида бўлим мавжуд. Америка дунёнинг турли давлатлари ва БМТ билан биргаликда афғон қочоқларига тинимсиз ёрдам бериб келмоқда.

— АҚШ «Толибон»га қарши гуруҳларни ҳимоя қиладими?

— АҚШ позицияси тинчлик йўлида ҳаракат қилаётган кучларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Аммо ҳозирги вазиятда қарши кучларга хайрихоҳлик билдирмаяпмиз. «Толибон» билан ҳозирда музокараларимиз давом этмоқда, муҳокама фақатгина инсон ҳуқуқлари бузилганда тўхтатилиши мумкин.

— АҚШ–Афғонистон музокаралари тўхтагандан сўнг қўшма штатлар қандай йўл тутади?

— Ҳозирги пайтда мулоқотни давом эттирамиз. Аммо ҳар бир мулоқотимизда ўз хавотиримизни билдириб турамиз. Хусусан, инсон ҳуқуқлари бузилаётгани, хотин-қизларнинг ҳуқуқи топталаётганини маълум қиламиз.

— Америка Афғонистондан ҳарбий кучларни олиб чиқиб хато қилдими?

— АҚШнинг 3 президенти: Обама, Трамп ва Байден Афғонистонда ҳарбий кучларнинг бутунлай қолиб кетиши тарафдори бўлмаган. Биз қачондир чиқиб кетишимиз керак эди. Айни вазиятда бизнинг вазифамиз афғон халқига гуманитар ёрдам юбориш туришдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, Томас Вест 27 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов билан учрашганди. Мулоқот пайтида Америка томони Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш, афғон халқига гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича юритилаётган сиёсатни юқори баҳолаган.

Bugun — LIVE