Жамият, Жаҳон - 21:00 · 30.05.2022

Бугун оқшоми. Болаларга 200 минг сўм (ёлғон), ун нархининг ошиши сабаблари, Литвада «депутинизация»

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

1 июнь — Болаларни ҳимоя қилиш куни. Шу муносабат билан уларга 200 минг сўмдан тарқатилиши ҳақида ҳамма жойда айланган хабар — ёлғон. Афтидан, энди болаларни турли фейклардан ҳимоя қилишимиз керак.

Фото: «Bugun.uz»

Тармоқларда 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати болаларга 200 минг сўмдан тарқатилаётгани ҳақида аудиохабар тарқалди. Бу — ёлғон (ёлғоннинг «қип-қизили» қандай бўлади деганларга кўрсатиш учун тайёр шаблон)! Бу турдаги аудио(лар) ҳеч қандай асосга эга эмаслигини биринчи АОКА, кейин эса Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси директори маълум қилди. Ишониш қийин бўлган хабарни рад этиш ҳам шарт эмас, аслида, аммо бунга ишонганлар ҳам бўлган. Ҳатто Халқ банки кассаларига бориб бу пулларни талаб ҳам қилган.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси директори Абдулазиз Хайдаров журналистларга берган интервьюсида одамлар орасида тушунмовчилик келиб чиққанини айтган. Унинг сўзларига кўра, одамлар Президент қарори билан тасдиқланган кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига 200 минг сўмдан берилиши билан буни адаштириб юборган.

Ёлғон хабарлар ўз йўлига, лекин бизда ёмонроқ тасдиқланган хабар бор: Ўзбекистон қаҳрамони Лола Муротова вафот этди. Шавкат Мирзиёев ҳамдардлик билдирди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Ўзбекистон қаҳрамони, Олтиариқ туманидаги «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова 64 ёшида вафот этди. У Президентнинг шу ойдаги Фарғонага ташрифи давомида кўриниш бермаган (олдин деярли барча ташрифларда қатнашган), унинг бетоблигини билган Шавкат Мирзиёев Муротованинг ҳолидан хабар олиш бўйича топшириқ берганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Вафотидан сўнг таъзия билдирган давлат раҳбари Лола Муротованинг вафотини мамлакат қишлоқ хўжалиги учун оғир жудолик деб атаган. Президентнинг ҳамдардлик матнини тўлиқ шаклда бу ерда ўқишингиз мумкин.

Маълумот учун, Муротова Лола Неъматовна 1958 йил Олтиариқ туманида, деҳқон оиласида туғилган. У «Ўзбекис­тон Қаҳрамони» унвонидан ташқари, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвони, «Эл юрт ҳурмати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан мукофотланган.

Ун нархининг кўтарилиши: 1,7 млн тонна буғдой давлат ресурси сифатида, 266,5 минг тонна буғдой уруғлик учун харид қилинади. Ҳозирда Ўзбекистонда 50 минг тонна ун захираси бор.

Бугун, 30 май куни Қишлоқ хўжалиги ва Молия вазирликлари мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда қатнашган «Bugun.uz» мухбири бир нечта янгиликларни бизга етказди. Уларни кетма-кет қуйида келтирамиз.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Молия вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, ҳозирда бозорда нархлар ўзининг энг юқори нуқтасига чиқди, аммо бу вақтинчалик ҳолат. У мамлакатда ун нархининг сезиларли даражада кўтарилишига Қозоғистондан импорт қилинаётган ун ва буғдой нархи ошгани (у ерда буларнинг экспортига чеклов ўрнатилган) ва Россия–Украина зиддиятини сабаб қилиб кўрсатган.

«Бозорда, асосан, импорт қилинган ун нархлари ошмоқда. Бунга Қозоғистондан импорт қилинаётган ун ва буғдой нархи ошиши сабаб бўляпти. Биз эркинлаштириш жараёнига ўтадиган бўлсак, 1 июндан биржа савдоларига қўйиладиган бўлса, бугунги кунгача ун маълум миқдорда тақсимот тартибида белгиланган бўлса, бозорга етарли миқдордаги ун маҳсулотини чиқарамиз. Бунга қўшимча равишда ун захиралари ҳам яратилган [у захиралар етарлилигини айтиб, нархи кўтарилишига ваҳима қилишга ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлаган].

Ҳозирги кунда 1 ойда ички бозорда 130 минг тонна атрофида ун савдога чиқарилаётган бўлса, биз яна қўшимча 50 минг тонна ун захирасини яратиб қўйдик», — деди Тўлқин Мирзаев.

Вакилнинг маълум қилишича, Россия ва Украина ўртасидаги муносабатлардан кейин нархлар кўтарилган ва энди у тушиши кутилмоқда.

«Нархнинг ошиши Россия ва Украина ўртасидаги муносабатлар натижасида дунёда юзага келган сиёсий тангликнинг таъсиридир ва бу — вақтинчалик ҳолат. Ҳар бир маҳсулотнинг ўз қиймати бўлади, ўша қийматдан ўтгандан кейин истеъмолчи унинг ўрнига бошқа маҳсулотга ўтишни бошлайди. Ҳозирги кунда нархлар ўзининг энг юқори нуқтасига чиқди, десак бўлади. Бироқ бу — вақтинчалик ҳолат. Шунинг учун нархларнинг ортга қайтишини кутяпмиз», — деди вазирлик вакили.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, Президент қарори билан 1 миллион 783,5 минг тонна товар буғдой давлат ресурси сифатида ҳамда 266,5 минг тонна буғдой уруғлик учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилинади. 500 минг тонна буғдой эса фермер хўжаликлари ҳамда бошқа ғалла етиштирувчилар томонидан кейинчалик биржа савдоларида сотиш учун Жамғарманинг тижорат вакилида вақтинчалик сақлашга қабул қилинади.

Буғдой етиштирувчилардан тижорат вакилида вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинган товар буғдой 2022 йилнинг июль–август ойларида биржа савдолари орқали сотилади.

Молия вазирлиги «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги корхоналарга биржадан буғдой сотиб олиш учун револьвер кредитларни молиялаштириш мақсадида Жамғарма маблағлари ҳисобидан 800 миллиард сўмгача тижорат банкларига Марказий банкнинг асосий ставкасида ресурс жойлаштирилишини таъминлайди.

Бир фоизлик кешбэклар. Солиқ ҳуқуқбузарликлари бўйича мурожаат юбориш сонига чеклов ўрнатилмоқда, қонун бузилиши ҳолати ҳақида биринчи марта мурожаат тушган тадбиркорлик субъектлари огоҳлантирилади.

Фото: «Bugun.uz»

«Soliq» мобиль иловаси орқали мурожаатлар йўллаш сонига чеклов ўрнатилмоқда. Шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар, биринчи маротаба келиб тушган мурожаат бўйича солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда профилактик суҳбат ўтказилиб, тадбиркорлик субъектининг қонун талабларида иш юритиши тўғрисида расман огоҳлантирилади. Унга нисбатан таъсирчан молиявий жазо чоралари кўрилмайди.

Жамоатчилик назоратини кенгайтириш мақсадида бир фуқаро томонидан 24 соат ичида 2 тадан ортиқ ҳамда 30 календарь куни давомида 1 та шохобча бўйича 1 мартадан кўп мурожаат юборилишига чеклов ўрнатилади.

Жамоатчилик назоратини кенгайтириш мақсадида бир фуқаро томонидан 24 соат ичида 2 тадан ортиқ ҳамда 30 календарь куни давомида 1 та шохобча бўйича 1 мартадан кўп мурожаат юборилишига чеклов ўрнатилади. Давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлар мукофот тўланмайдиган мурожаатлар сифатида қайд қилинади.

Хўш, оламда нима гап?

«Депутинизация»: Литвада Путинни ҳокимиятдан қандай олиб ташлаш муҳокама қилинди.

Фото: YouTube

Литвада Путин ҳокимиятдан кетгандан кейин Россия қандай йўлни босиб ўтиши бўйича махфий конференция бўлиб ўтди. Учрашувга 70 га яқин иштирокчи – собиқ етакчи сиёсатчилар, экспертлар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари, жумладан, узоқ вақтдан бери хорижда яшаётган россияликлар келган. Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис томонидан ташкил этилган тадбирда «Bild» мухбири ҳам иштирок этган. Ёпиқ тарзда ўтган форумда иштирокчилар баёнотлар берган.

«Гитлер Германияда нацизмни ижтимоий жиҳатдан мақбул қилиб қўйганидек, Путин Россияга Путинизмни олиб келди. Шунинг учун ҳам бугунги кунда Путин Рейхига 1939-1945 йиллардаги уруш йилларида Германия Рейхи каби муносабатда бўлиш керак», — деган петербурглик иштирокчилардан бири.

Анжуманда «депутинизация»нинг учта эҳтимолий сценарийси кўриб чиқилган. Биринчи сценарийга кўра, «Россия буюк Украинага айланади. Путин режими қулайди, Мамлакатда демократик сайловлар ўтказилади ва Россия ривожланади.

Иккинчи сценарий: «Кремлда армия генераллари ва бошқа хавфсизлик амалдорлари Путинни ҳокимиятдан ағдарганда давлат тўнтариши бўлади. Янги режим камроқ тажовузкор ташқи сиёсатни танлайди.

Учинчи сценарий: руслар оммавий исён кўтара бошлайди, бу Россияда фуқаролар урушига олиб келади ва буюк давлат бир қанча республикаларга парчаланади. Конференция иштирокчилари бу вариантни «даҳшатли» деб атаган. Бу кўча жангларини қўзғатиши ва Россиянинг тақдири мутлақо тушунарсиз бўлиши таъкидланган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE