Жаҳон - 22:34 · 30.05.2022

Эрдўғон билан Зеленскийсиз гаплашган Путин, Украинага ракета берилмаслигини айтган Байден ва ЕИни судга берган олигархлар

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 30 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Reuters»

Путин Эрдўғон билан Зеленскийсиз суҳбатлашди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг идораси Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилганини маълум қилди. Қайд этилишича, аввалроқ Эрдўғон музокараларда Украина президенти Владимир Зеленский ҳам иштирок этишини айтган. Аммо Кремль бу маълумотни тасдиқламаган.

«Учрашувда минтақавий муаммолар, хусусан, Украина–Россия уруши, шунингдек, Туркия–Россия муносабатлари муҳокама қилинди. Президент Эрдўғон агар томонлар бунга принципиал рози бўлса, Истанбулда Россия, Украина ва БМТ вакиллари билан учрашишини айтди», дейилади Туркия президенти маъмурияти матбуот хизмати хабарида.

Ҳисоботда қайд этилишича, Эрдўғон Россия ва Украина ўртасида тинчликни тезроқ тиклаш орқали урушнинг салбий оқибатларини минималлаштирадиган ва ишончни мустаҳкамлайдиган қадамлар зарурлигини айтган.

Байден: «АҚШ Украинага Россияга зарба бера оладиган ракеталарни етказиб бермайди»

АҚШ президенти Жо Байден унинг мамлакати Украинага Россия ҳудудига зарба бериш учун ишлатилиши мумкин бўлган реактив тизимларни етказиб бермаслигини айтди.

«Биз Украинага Россия ҳудудига зарба беришга имкон берадиган ракета тизимларини юбормаймиз», —деган Америка раҳбари.

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев эса Байденнинг сўзларига изоҳ берар экан, бу қарорни оқилона эканини қайд этган.

Италиянинг «Лига» партияси раҳбари Путинга Украина бўйича тинчлик режасини тақдим этишни режалаштиргани маълум бўлди

Италиянинг собиқ ички ишлар вазири, ўнг қанот «Лига» партияси етакчиси Маттео Сальвини ОАВда тарқалган маълумотлар туфайли 29 май куни Москвага режалаштирилган ташрифини кейинга қолдиришга мажбур бўлди.

Матбуотга маълум бўлишича, сиёсатчи Россия расмийларига Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш режасини тақдим этишни режалаштирган. Сальвинининг маслаҳатчиси экани айтилаётган «Олға, Италиа!» партияси собиқ депутати Антонио Капуанонинг айтишича, режа тўрт, жумладан, ўт очишни тўхтатиш каби банддан иборат бўлган.

Рус олигархлари санкциялар туфайли ЕИ кенгашини судга берди

Икки россиялик олигарх Михаил Фридман ва Пётр Авен Европа Иттифоқи санкциялари юзасидан судга мурожаат қилди.

Авен ва Фридман Украинадаги кенг кўламли уруш туфайли Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган. Шу муносабат билан россиялик олигархлар Европа Иттифоқи кенгаши устидан судга мурожаат қилган. Қайд этилишича, Авеннинг даъвоси 23 майда, Фридманнинг даъвоси эса 24 майда рўйхатдан ўтказилган.

«Forebes» Авеннинг бойлигини 4,6 миллиард, Фридманникини эса 12,9 миллиард долларга баҳолаган.

Беларусь Украина яқинида «сафарбарлик машғулотлари» ўтказилишини эълон қилди

Беларусиянинг Украинанинг Чернигов вилояти билан чегарадош Гомель вилоятида 22 июндан 1 июлгача ҳарбий комиссарликлар билан режалаштирилган сафарбарлик машғулотлари ўтказилади.

«Машқлар давомида Қуролли Кучлар объектларига туташган маълум ҳудудларда ҳаракатланиш чекланади. Бундан ташқари, Гомел вилоятида жойлашган ўқ отиш полигонларида ўт ўчириш машғулотлари ўтказиш режалаштирилган», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ўқув машғулотлари ҳарбий комиссарликларнинг жанговар ва сафарбарлик шайлигини ошириш, муддатли ҳарбий хизматга мажбур бўлганларнинг ҳарбий билим ва амалий кўникмаларини кучайтириш мақсадида ўтказилади.

Bugun — LIVE