«Ҳозир бозорда нархлар ўзининг энг юқори нуқтасига чиқди» — Молия вазирлиги вакили
Мутасадди бунга Россия ва Украина ўртасидаги сиёсий инқирозни сабаб қилиб кўрсатди
АОКАда 30 май куни ўтказилган матбуот анжуманида Молия вазирлиги вакили бозорлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, ун нархининг ошиб кетгани ва бунга нималар сабаб бўлаётгани ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, Молия вазирлиги депертамент мудири Тўлқин Мирзаев ун нархининг ошишига Қозоғистондан импорт қилинаётган ун ва буғдой нархи ошганини сабаб қилиб кўрсатган. Бироқ бунинг олдини олиш учун қўшимча захиралар мавжудлигини таъкидлаган.
«Бозорда, асосан, импорт қилинган ун нархлари ошмоқда. Бунга Қозоғистондан импорт қилинаётган ун ва буғдой нархи ошиши сабаб бўляпти. Биз эркинлаштириш жараёнига ўтадиган бўлсак, 1 июндан биржа савдоларига қўйиладиган бўлса, бугунги кунгача ун маълум миқдорда тақсимот тартибида белгиланган бўлса, бозорга етарли миқдордаги ун маҳсулотини чиқарамиз. Бунга қўшимча равишда ун захиралари ҳам яратилган.
Ун нархи асоссиз равишда ошиб кетмаслиги учун бозорга етарли даражада ун чиқариб берилади. Ҳозирги кунда 1 ойда ички бозорда 130 минг тонна атрофида ун савдога чиқарилаётган бўлса, биз яна қўшимча 50 минг тонна ун захирасини яратиб қўйдик. Бу бозордаги талабни қондириш учун зарур ҳолларда чиқарилади», — деди Тўлқин Мирзаев.
Шунингдек, у нархининг ошишига Россия ва Украина ўртасидаги муносабатлар ҳам сабаб бўлганини ва бу вақтинча ҳолатлигини қайд этди.
«Нархнинг ошиши Россия ва Украина ўртасидаги муносабатлар натижасида дунёда юзага келган сиёсий тангликнинг таъсиридир ва бу — вақтинчалик ҳолат. Ҳар бир маҳсулотнинг ўз қиймати бўлади, ўша қийматдан ўтгандан кейин истеъмолчи унинг ўрнига бошқа маҳсулотга ўтишни бошлайди. Ҳозирги кунда нархлар ўзининг энг юқори нуқтасига чиқди, десак бўлади. Бироқ бу — вақтинчалик ҳолат. Шунинг учун нархларнинг ортга қайтишини кутяпмиз», — деди вазирлик вакили.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йилда 1,7 миллион тонна буғдой давлат ресурси сифатида харид қилиниши ҳақида хабар берилганди. Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ғалла ҳосилининг 2022 йилда кутилаётган минимал нархини эълон қилганди.