16:50 | 30.05.22 61

Нурсултон Назарбоев қариндошларининг ноқонуний бойиб кетганига муносабат билдирди

Шунингдек, у январь воқеалари ҳақида гапирди

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев январь воқеалари, ноқонуний бойиб кетган қариндошлари ва келажаги ҳақида гапирди. Бу ҳақда у сиёсатшунос Данияр Ашимбаевга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: «Sputnik»

Элбошининг сўзларига кўра, фожиа барча учун дарс бўлган.

«Бу погромлар ва қотилликлар ортида ким турганини аниқлаш муҳим. Ишончим комилки, тергов бу саволга жавоб беради. Нега тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари бутун мамлакат бўйлаб тайёрланаётган тартибсизликлар ҳақида билмагани ёки билишни истамаганини тушуниш керак», — дейди Нурсултон Назарбоев.

Ўша пайтда у учун амалдаги президентни қўллаб-қувватлаш, «турли миш-миш ва тахминларга муносабат билдирмаслик» муҳим бўлган.

«Мен унга (Тўқаевга) мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси ваколатларини бердим. Айнан президентнинг қатъий ҳаракатлари энг ёмон сценарийнинг олдини олди», — деган собиқ президент.

Шунингдек, биринчи президент ўз қариндошлари ва уларнинг ноқонуний фаолияти — рейдлар ва ноқонуний бойиб кетишга алоқадорлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган.

«Агар қариндошларимдан бирортаси орқамдан қонунни бузганлик учун исмимни яширган бўлса, улар жавобгарликка тортилиши керак. Айбдорлиги судда исботланиши зарур. Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар бир фуқаро ҳуқуқий ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Менимча, ҳамма Раҳат Алиевнинг ҳикоясини эслайди. У қизимнинг эри эди. Менга деярли ўғилдек бўлган, невараларимнинг отаси эди.

Лекин буларнинг барчаси давлатнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларга кўз юмишига сабаб бўлмади. У қозоқ адлияси томонидан судланган, аммо қочишга муваффақ бўлган ва умрининг охиригача яширинган. Тақдири ҳавас қилгулик эмас», — дейди Нурсултон Назарбоев.

Элбоши интервьюда келажакдаги режалари ҳақида ҳам гапирган.

У Европа иқтисодий ҳамжамияти ва Туркий давлатлар ташкилотининг фахрий раиси экани, шунингдек, кўп вақтини ўз жамғармалари фаолиятига бағишлашини эслатган.

«Мен глобал ядровий хавфсизлик масалаларига вақт ажратишда давом этаман. Менинг фармоним билан Семипалатинскдаги полигон ёпилгандан сўнг Қозоғистон ядровий қуролсизланиш бўйича етакчи сифатида тан олинди ва биз ядровий арсеналдан воз кечдик. Қолаверса, ҳаётим ва фаолиятим ҳақидаги хотиралар устида ишлаяпман. Бугунги фикрларим, тилакларим, дуоларим Қозоғистоннинг фаровонлиги ва барқарорлиги ҳақида. Авлодларимиз биздан кўра кўпроқ ишлар қилсин. Уларга бу борада чин дилдан муваффақиятлар тилайман», — дея хулоса қилган Қозоғистоннинг биринчи президенти.

Аввалроқ Назарбоевнинг жияни ва собиқ қудасининг ҳибс муддати узайтирилганди. Шунингдек, Назарбоевнинг қизи ва куёви бойлигини бир йилда 2 миллиард долларга оширганди.