Жамият, Иқтисод - 13:15 · 30.05.2022

Ўзбекистонда 2022 йилда 1,7 млн тонна буғдой давлат ресурси сифатида харид қилинади

Ўзбекистонда 2022 йилда 1 миллион 783 минг тонна товар буғдой давлат ресурси сифатида харид қилинади. Бу ҳақда АОКАда 30 май куни ўтказилган матбуот анжуманида Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Мирзаев маълум қилди, дея хабар бермоқда Bugun.uz мухбири.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, Президент қарори билан 1 миллион 783,5 минг тонна товар буғдой давлат ресурси сифатида ҳамда 266,5 минг тонна буғдой уруғлик учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилинади. 500 минг тонна буғдой эса фермер хўжаликлари ҳамда бошқа ғалла етиштирувчилар томонидан кейинчалик биржа савдоларида сотиш учун Жамғарманинг тижорат вакилида вақтинчалик сақлашга қабул қилинади.

Давлат ресурсларига харид қилинган товар буғдой учун тўловлар буғдой етиштирувчиларга тижорат вакили томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги босқичларда амалда оширилади:

  • Дастлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган нархларда тўлов қилинади.
  • Кейинчалик эса биржада шаклланган ўртача нархдан (ўртача котировкадан) келиб чиқиб, буғдой етиштирувчилар билан тўлиқ қайта ҳисоб-китоб қилинади. Яъни буғдой нархи биржада қимматлашса, буғдой етиштирувчиларга орадаги фарқ қилган сумма тўлаб берилади.

Буғдой етиштирувчилардан тижорат вакилида вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинган товар буғдой 2022 йилнинг июль-август ойларида биржа савдолари орқали сотилади.

Молия вазирлиги «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги корхоналарга биржадан буғдой сотиб олиш учун револьвер кредитларни молиялаштириш мақсадида Жамғарма маблағлари ҳисобидан 800 миллиард сўмгача тижорат банкларига Марказий банкнинг асосий ставкасида ресурс жойлаштирилишини таъминлайди.

Олис, бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларга ун ва ун маҳсулотларини етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизидан ошмаган қисми маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.

Аввалроқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши  ғалла ҳосилининг 2022 йилда кутилаётган минимал нархини эълон қилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинини хабар қилинган.

Bugun — LIVE