Жамият - 18:17 · 30.05.2022

Ўзбекистонда ЙПХ ходимлари тасвирини рухсатсиз тарқатишни тақиқлаш таклифини кўриб чиқиш рад этилди

Ўзбекистонда ЙПХ ходимлари тасвирини рухсатсиз тарқатганлик учун жазо тайинланиши ҳақидаги таклиф рад этилди. Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида бу лойиҳа кун тартибидан чиқариб ташланди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда фракция мажлисида кўриб чиқилиши керак бўлган.

Муҳокама жараёни бошланишидан аввал фракция аъзоси Фирдавс Шарипов қонун лойиҳасининг қатор моддаларида жарималар миқдорини ошириш, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилаётгани, аммо бунинг сабаблари асосли очиб берилмаганини таъкидлаб, шунингдек, бошқа омилларни келтириб, қонун лойиҳасини кун тартибидан чиқариб ташлашни таклиф қилган.

Қонун лойиҳасида охирги вақтларда кенг жамоатчилик томонидан фаол муҳокама қилинаётган йўл ҳаракати ходимларини видео ва фототасвирга олиб тарқатиш масаласида ҳам катта миқдорда жарима белгиланиши кўзда тутилган. Унга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини улар ўз хизмат бурчларини, яъни жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариш чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки хақорат қилиш мақсадида Интернет ахборот тармоғида жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорда жарима ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар очиқлик, ошкоралик, халқ олдида ҳисобдорлик, жамоатчилик назоратини кучайтиришга асосланаётган даврда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг фаолияти фото ва видео тасвирларга олиниши чекланиши нотўғри ёндашув экани айтилган. Юқоридаги омилларга асосан қонун лойиҳасини фракция мажлисида кўриб чиқиш рад этилган.

Bugun — LIVE