Жамият, Иқтисод - 16:16 · 30.05.2022

Ўзбекистоннинг қанча ун захираси борлиги маълум бўлди

АОКАда 30 май куни ўтказилган матбуот анжуманида Молия вазирлиги департамент мудири Тўлқин Мирзаев Ўзбекистон бозорларида ун нархи ўсганини айтиб, бунга нима сабаб бўлганини ва мамлакатда қанча ун захираси борлигини маълум қилди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, Қозоғистонда буғдой ва ун эскпортига айрим чекловлар ўрнатилган. Бу эса Ўзбекистон бозорларида нархлар маълум даражада ошишига олиб келган.

«Буғдой, асосан, Қозоғистондан импорт қилинади. Лекин Қозоғистон ҳукумати ҳам ички бозорини ҳимоя қилиш мақсадида буғдой ва ун эскпортига маълум чекловлар ўрнатди. Бу бозорда озгина ваҳимали ҳолатга олиб келди ва бунинг натижасида нархлар маълум даражада оша бошлади.

Бизда ҳозир 50 минг тонна ун захирамиз бор, керак бўлса, уни яна оширамиз. Шунинг учун ички бозордаги истеъмолнинг қониқмай қолишига ҳеч қанақа асос йўқ. Нафақат ун, балки бошқа биринчи даражали озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ҳам етарли захираларимиз бор. Уларнинг ҳажмини айтиш иқтисодий нуқтаи назардан ўзининг махфийлигига эга. Ҳеч қандай ваҳимага асос йўқ, барчаси республика раҳбариятининг кунлик назоратида турибди», — деди Тўлқин Мирзаев.

Бундан ташқари, у ун нархи ортидан бошқа маҳсулотлар нархларида ҳам ўзгариш кузатилганини, айрим тадбиркорлага бунинг учун чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

«Минтақадаги энг арзон нархлар фақат Ўзбекистонда. Фақатгина ун нархида бироз ўзгариш сезиляпти. Бунинг ортидан бошқа нархларнинг ҳам ўсиши кузатилган. Қаерлардадир ‘тадбиркорлар’имиз йирик ҳажмдаги маҳсулотни четга олиб қўйиб, нархни кўтариб, сўнг сотишга бўлган ҳаракатлар ҳам бор. Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар иш олиб бормоқда. Нарх-наво ўсиб кетишига ваҳима қилишга ҳеч қандай асос йўқ», — деди Тўлқин Мирзаев.

Мавзуга доир: Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари бозордаги нарх-навога таъсир этиши мумкинми?

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йилда 1,7 миллион тонна буғдой давлат ресурси сифатида харид қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE