Жамият, Иқтисод - 12:36 · 30.05.2022

Пенсия жамғармаси директори Болалар куни муносабати билан пул тарқатилаётгани бўйича хабарларни рад этди — видео

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси директори Абдулазиз Хайдаров Ўзбекистонда Болалар куни муносабати билан пул тарқатилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда Bugun.uz мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Жамғарма директори нотўғри хабарлар фуқаролар ўртасида тушунмовчилик келтириб чиқараётганини айтган. «Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда барчага пул тарқатилмоқда деган ёлғон хабарлар бериляпти. Фуқароларимиз Халқ банки кассаларига бориб, шу маблағлар берилиши керак экан деб талаб қилишаётган экан. Бу хабар ёлғон», — дейди Абдулазиз Хайдаров.

Аввалроқ Ижтимоий тармоқларда 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати болаларга 200 минг сўмдан тарқатилишига оид хабарлар тарқалди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мазкур хабар юзасидан изоҳ берган.

Маълум бўлишича, бу хабарларда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига совға сифатида Ўзбекистон Президенти томонидан барча болаларга 200 минг сўмдан тарқатилиши айтилган. Агентликка кўра, мазкур хабарлар ёлғон ва ҳақиқатга мос келмайди. Шунингдек, Ўзбекистонда мигрантларга давлат ҳисобидан бир марталик маблағ берилиши ҳақида хабар тарқалганди.

 

Bugun — LIVE