Жаҳон - 23:55 · 30.05.2022

Путин Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темирйўли қурилишига қарши чиққанмиди?

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темир йўли қурилиши қачон бошланиши ва 20 йилдан бери бу масала нега ҳал этилмаганига ойдинлик киритди. Бу ҳақда у «Kabar»га берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: «РБК»

Президент мутахассисларнинг Россия томони темир йўл қурилишига қарши чиққани ҳақидаги хабарларига муносабат билдирган.

«Дарҳақиқат, 20 йилдан бери бу йўлни қуришга ҳаракат қилмоқдамиз. Аммо қурилиш ҳеч қачон бошланмаган. Унгача ҳеч ким Россияга бу темир йўл бизга сувдек кераклигини тушунтира олмасди. Яқинда КХШТ саммитида мен Владимир Путин билан шу мавзуда ярим соат гаплашдим. Охир-оқибат, у темир йўл жуда зарурлигини англади ва бунга қарши эмаслигини айтди. Агар керак бўлса, қуринг, деди», — дейди президент.

Шунингдек, у 2022 йил лойиҳа тугалланса, 2023 йилдан қурилиш бошланишини айтган.

«Лойиҳа уч томоннинг иштирокида тайёрланмоқда. Агар темирйўл қурилса, биз ‘боши беркʼ давлатдан чиқиб, транзит мамлакатга айланамиз. Иш ўринлари бўлади, иқтисодиёт учади. Кечагина ташқи қарзимизни қандай ёпамиз, деб бош қотираётгандик. Энди Қумтордан ташқари яна бир молиявий манба пайдо бўлади», — деган Садир Жапаров.

Аввалроқ Жапаров Қирғизистон Бош прокуратурасида «Ўш воқеалари» бўйича сўроқ қилинганди. Шунингдек, Қирғизистон президенти қўшни давлатлар раҳбарларини ҳақорат қилмасликка чақирганди.

Bugun — LIVE