Жамият, Қашқадарё - 21:29 · 30.05.2022

Қашқадарё далаларини чигиртка босгани ҳақида хабар тарқалди — видео

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Отқамар қишлоғида чигиртка тарқалгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: «Daryo» / Иллюстратив

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда чигирткаларнинг 200 яқин тури мавжуд. Шундан мамлакатда тарқалган мазкур ҳашаротнинг 6–8 тури яйлов ва қишлоқ хўжалик экинларига зарар келтиради. Тасвирдаги чигирткалар маҳаллий ва марокаш турига оид бўлиб, маҳаллий чигиртка экинларга хавф солмайди. Марокаш чигирткасига қарши мавсумда уйғунлашган ҳимоя чора тадбирлари ўтказиб келинади.

Воқеа жойида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳамда Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати томонидан ўрганишлар олиб борилган.

Бугунги кунга қадар Қашқадарё вилоятида 87 980 гектар, шу жумладан, Деҳқонобод туманида 16 222 гектар майдонда зарарли чигирткага қарши кураш ишлари олиб борилган. Мазкур зараркунандаларга қарши кураш бўйича агротехник тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳудудда 25 та трактор пуркагичлари, 6 та УМО-пуркагичли махсус автомашина, 1 та трицикл жалб этилган бўлиб, шунингдек, қўл аппаратлари ёрдамида ҳам зарарсизлантириш жараёнлари давом этмоқда.

Республика бўйича бугунги кунга қадар хавфли деб ҳисобланган 340 528 гектар майдонда кузатув мониторинг ишлари олиб борилиб, жами 232 786 гектарда кимёвий ишлов амалга оширилди.

Bugun — LIVE