Жаҳон - 22:03 · 30.05.2022

Қирғизистонда заводдаги портлаш оқибатида ўзбекистонлик эркак жароҳатланди

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳридаги металлни қайта ишлаш заводидаги печнинг портлаши оқибатида 7 киши, жумладан, ўзбекистонлик эркак жароҳатланди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Manas news»

Маълум қилинишича, жароҳатланганлар жонлантириш бўлимига ётқизилган, уларнинг орасида икки нафар Хитой фуқароси ҳам бўлган. Ҳозирда жабрланувчиларнинг 3 нафари оғир аҳволда, уларга тананинг 80–90 фоизи куйиши ташхиси қўйилган.

«Касалхонага ётқизилган қолган беморларнинг соғлиғи қониқарли, шифокорлар билан маслаҳатдан кейин Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари уйларига жўнатилган», дейилади мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида. Ҳозирда мутахассислар портлаш сабабларини ўрганмоқда.

Аввалроқ Қирғизистонда қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб сотган ўзбекистонлик эркак қўлга олинганди. Шунингдек, Қирғизистонда жиноий гуруҳ аъзолари ўзбекистонлик эркакни уриб, ундан пул талаб қилганди.

Bugun — LIVE