Жамият, Жиззах - 20:22 · 30.05.2022

Зоминда халқаро тоғ ультрамарафони бўлиб ўтди — фото

Жиззах вилоятининг Зомин шаҳрида 29 май куни «Zaamin Ultra» халқаро тоғ ультрамарафони бошланди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz» /Ригина Маджитова

Ультрамарафон Зомин миллий табиат боғида, денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда бўлиб ўтган. Мусобақа иштирокчилари учун тўртта масофа: 2, 10, 21 ва 50 километр белгиланган.

Фото: «Bugun.uz» /Ригина Маджитова

«2022 йил 1200 нафар иштирокчи рўйхатдан ўтган, бу 2021 йилга нисбатан 2 баробар кўп. Ўтган йили 11 та давлатдан вакиллар бўлса, бу йил уларнинг сони 18 тани ташкил қилади. Рўйхатга олиш муддатидан олдин тугатилиб, қўшимча очилган. Талаб катта эканини тушуниб турибмиз ва 2023 йилда янада кўламни кенгайтиришимиз керак», — дейди «Samarkand marathon» югуриш серияси куратори, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси махсус лойиҳалар бўлими раҳбари Мирхон Сагитов.

Фото: «Bugun.uz» /Ригина Маджитова

Хорижий иштирокчилар Япония, Жанубий Корея, Украина, Тожикистон, АҚШ, Россия, Янги Зеландия, Канада, Қозоғистон, Италия, Ҳиндистон, Исроил, Буюк Британия, Бельгия, Беларусь, Ангилья ва Франция каби давлатлардан келган.

Фото: «Bugun.uz» /Ригина Маджитова
Фото: «Bugun.uz» /Ригина Маджитова

«Zaamin Ultra» — «Samarkand marathon»нинг югуриш туркумига киради. Тушумлар 2022 йилда музейларни кўришда нуқсони бўлган одамлар учун мослаштиришга йўналтирилади. Йиғилган маблағлар аудиогидлар, тактил расмлар ва зарур жиҳозларни харид қилишга қаратилади.

«Маблағлар ‘Samarkand marathon’нинг тўртта пойгасидан йиғилади. Ультрамарафон бир қатор югуриш бўйича келгуси пойгаларга йўл очади, жумладан келгуси марафон август ойида Бухорода бўлиб ўтади, октябрда ‘Sky Camp Bo’stonliq’ мусиқа фестивали ташкил этилиб, 6 ноябрда ‘Samarkand marathon’ якунланади. Охиргиси кўплаб одамни жамлайди ва ультрамарафонга айланади, авваллари у ярим ультрамарафон бўлган», — дея тушунтирган Мирхон Сагитов.

Унинг сўзларига кўра, иштирокчилар медаллар ва ультрамарафончи унвонига эга бўлади.

Фото: «Bugun.uz» /Ригина Маджитова
Фото: «Bugun.uz» /Ригина Маджитова

«Иштирокчиларнинг аксарияти 25–35 ёш. Тоғ пойгаси қийинроқ бўлгани учун ультрамарафонда 16 ёшдан бошлаб қатнашиши мумкин, аммо айрим масофада ёш чегараси 18 дан бошланади. Бизда 65 ёшда 50 километр масофага югурадиган иштирокчилар бор, лекин улар 40 ёшдек кўринади. 21 километр масофа югурадиган 76 ёшгача бўлган иштирокчилар ҳам бор ва улар ҳар йили ‘Samarkand marathon’да қатнашади», — дея хулоса қилган мутахассис.

Фото: «Bugun.uz» /Ригина Маджитова

Марафон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги кўмагида ўтказилмоқда.

Ультрамарафонни жами 865 киши тугатган. Улар орасида ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳам бор эди. Тадбирда томошабинлар билан бирга 2000 дан ортиқ киши иштирок этган. Ультрамарафон якунида мутлақ рейтинг ва ёш тоифалари бўйича ғолиблар аниқланган.

Аввалроқ Самарқандда «Samarkand Half Marathon 2021» хайрия марафони бўлиб ўтганди.

Bugun — LIVE