Жамият, Жаҳон - 21:00 · 31.05.2022

Бугун оқшоми. Электр ва газнинг табақалаштирилган нархи, 48 млрд сўмни (шериклари билан) еб юборган Андижон шаҳри ҳокими, Россиядан ҳимоя учун мудофаа харажатларини оширган Польша

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Муҳим янгилик: 1 июлдан бошлаб электр ва газ нархлари табақалаштирилади. Содда қилиб айтганда, бир ойлик лимит берилади, ўша лимит бўйича арзонроқ нархда тўлайсиз, ундан ошиғи (2–3 баравар) қимматроқ нархда ҳисобланади.

Фото: «Bugun.uz»

Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб,

Электр энергияси бўйича:

  • аҳоли учун 1 кВт.соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача — 325 сўм, 250 кВт.соатдан юқори ҳар 1 кВт.соат учун — 650 сўм;

Табиий газ бўйича:

  • аҳоли учун 1 куб метр табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача — 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун — 1200 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача — 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун — 1200 сўм;

Юқоридаги нархлар аҳоли учун, яъни жисмоний шахслар учун белгиланган. Юридик шахслар, бюджет ташкилотлари, комбинатлар ва автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун алоҳида нархлар белгиланган, улар билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Янги нархлар эълон қилингач, бухгалтер Қаҳрамон Асланов ўз Twitter саҳифасида ўринли саволни қолдирди: «Газ йўқ жойларда нима қилади? Электр кўп кетади-ку уларда?» Саволни сал ўзгартирса ҳам бўлади: Газ йўқ жойдачи?

Вазиятдан фойдаланиб сиз ўқувчилар учун мусиқа тавсия қилмоқчимиз. Ўзбекистонда Конста тахаллусли рэпер бор, яқиндан бери ижтимоий мавзуларда куйлашни бошлаган. Ижодкорнинг «Биз йўқ жойда» трекини эшитишни тавсия қиламиз (агар жоиз бўлса, юқоридаги хабарни ушбу мусиқани фонга қўйган ҳолда ўқинг). Ашулада қуйидаги қаторлар бор:

«Биз йўқ жойда йўқ ‘растаможкаʼ,
Биз йўқ жойда ойлик ростдан ошган.
Биз йўқ жойда Instagram қотмас,
Биз йўқ жойда VPN асқатмас».

«Андижонда шундай ҳокимларимиз бор экан, биз билмай юрган эканмиз». Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаров эски лавозимида шериклари билан 48 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани маълум бўлди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бош прокуратура томонидан киритилган тақдимномада Андижон шаҳри ҳокими ҳисобланган Баҳром Ҳайдаровни 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида содир этган молиявий жиноятлари учун терговга тортиш масаласи кўтарилган.

Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бир гуруҳ шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, UZASBO дастурий мажмуасига уланган буюртмачиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда бошқа тўловлари бўйича сўровномалари ва тўлов топшириқномаларини сохталаштирган ҳолда тўловга тақдим қилиб, 48,5 миллиард сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Жумладан, 2017 йилдан 2019 йил 8 октябрга қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Баҳром Ҳайдаров ўзининг мансаб ваколатларидан фойдаланиб, бошқа мансабдорлар томонидан асоссиз равишда ойдан ойга кўчирилган 9 миллиард сўм маблағларнинг ўрнини тўлдириш учун 14,3 миллиард маблағларни шаҳар халқ таълими бўлимига ноқонуний равишда ортиқча ажратиб берган.

Шунингдек, у вилоят молия бошқармаси бошлиғи сифатида бюджет маблағларини қатъий иқтисод қилмагани оқибатида 6,8 миллиард сўм ягона ижтимоий тўлов ҳамда даромад солиғи тегишли жамғарма ва бюджетларга кирим қилинмаган.

«Kun.uz»нинг маълум қилишича, нашр ихтиёрига Баҳром Ҳайдаровни депутат дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича киритилган тақдимнома кенгаш йиғилишида ўқиб эшиттирилгани акс этган аудио келиб тушган.

Фото: «Bugun.uz»

Тақдимномага кўра, Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан Андижон шаҳри халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Ҳозирча етказилган зарарнинг 23 фоизи қопланган.

Сўз исботи билан дегандек, юқоридаги ҳолат Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг рейтингида қайд этилганидек Андижон мамлакатдаги энг коррупциялашган вилоят эканини яна бир бор тасдиқлайди. Айтадику, «Андижонда шундай ҳокимларимиз бор экан, биз билмай юрган эканмиз».

«Пединст», Миллий ва ТДТУ — 2021 йилда энг кўп даромад кўрган ОТМлар.

Ўзбекистонда 2021 йил давомида энг кўп даромад кўрган Олий таълим муассасаларининг рўйхати эълон қилинди. Натижаларга кўра, республика кесимида энг кўп даромадлар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети (қарийб 400 миллиард сўм, соф даромад — 259 миллиард сўм), Наманган давлат университети (320 миллиард сўм, соф даромад — 78,6 миллиард сўм) ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан (315 миллиард сўм, соф даромад — 22,1 миллиард сўм) шакллантирилган.

Скрин: «Anticorruption.uz»

Бундан ташқари, «Нархоз» ҳамда жаҳон тиллари университети, мос равишда, 237 миллиард сўм ва 210 миллиард сўм даромад билан пойтахтдаги энг кўп пул топган ОТМлар рўйхатидан жой олган. Умумий рўйхатнинг 4 ва 5-ўринларида Урганч Давлат университети (қарийб 309 миллиард сўм) ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети (286 миллиард сўмдан зиёдроқ) жой олган.

Маълумот учун, юқорида келтирилган рақамлар соф даромад эмас, қуйидаги скриншотда университетларнинг харажатлари ҳам келтирилган. ОТМларнинг тўлиқ ҳисоботи билан бу ерда танишишингиз мумкин.

1 июндан нефть маҳсулотларига солинадиган акциз солиқ ставкалари кўтарилади, аммо бензин нархи ошмайди. Фақатгина «Ўзбекнефтгаз» «заправка»ларида.

«Ўзбекнефтгаз» ахборот хизматининг маълум қилишича, компаниянинг ёнилғи қуйиш шохобчаларида акциз солиқлар ошиши ортидан 1 июндан бензин нархи кўтарилмайди. Акциз солиғи бўйича ўзгаришлар билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Қўшимча қилинишича, ўзгаришлар АИ-80 бензини мисолида кўрилганида, АЁҚШларда ўртача нарх таркибидаги мавжуд солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ўртача 71 сўмгача (ҚҚС билан) бўлган миқдорда чакана нархига таъсир қилиши мумкин.

Иқтисодчи блогер «bakiroo» Telegram каналида нархлар аллақачон ошиб бўлганини ёзган. Унга кўра, компания қайд этганидек (Аи-80) бензин нархи 71 сўмга эмас, 300 сўмга кўтарилган.

Президент бозорларда нарх-наво кўтарилгани ҳақида гапирди ва 7 та вилоят ҳокимларини қатъий огоҳлантирди.

Шавкат Мирзиёев раислигида 31 май куни аҳолини озиқ-овқат, чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда президент нарх-наво ҳақида гапирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, дунёда кун сайин озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши кучаймоқда.

«Лекин ҳамма вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам дунёда бўлаётган вазиятни баҳолаб, ишини тўғри ташкил қилаётгани йўқ. Буни бозорларимиздаги нарх-наво кўрсатиб турибди. Жумладан, май ойида инфляция даражаси 1 фоизга ошиб, бу ўтган йилга нисбатан юқори бўлди.

Албатта, нарх-навонинг ўсишига жаҳон бозорларида буғдой нархи 50 фоизга, ўсимлик ёғи 33 фоизга, шакар 14 фоизга, нефть 47 фоизга ошгани бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бундай шароитда ҳокимлар барча ички имкониятларни сафарбар этиб, бозорларни маҳсулотлар, энг муҳими — озиқ-овқат билан тўлдириш учун икки карра кўпроқ ишлашлари шарт. Лекин кўп ҳокимлар нарх-навога эътибор қилмасдан, жиловни қўлидан чиқариб юборган», — деди Президент йиғилишда.

Шунингдек, ушбу йиғилишда Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё, Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳокимлари қатъий огоҳлантирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, Андижон, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларида пахтачилик-тўқимачилик кластерлари томонидан амалий ишлар бошланиб, 18 минг бошли 35 та чорвачилик хўжаликлари ишга туширилди. Лекин Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё, Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятларида 35 минг бошли 70 та лойиҳа бўйича чорва комплексларини ишга тушириш кечикмоқда. Президент ушбу вилоятлар ҳокимларини қатъий огоҳлантирди.

Ўзбекистонда аёллар эркакларга қараганда ўртача 4 йил кўпроқ умр кўрмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда доимий аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёшни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2021 йил бошида 73,4 ёшни ташкил этган. 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига ўртача умр кўриш давомийлиги:

  • Аёллар учун — 75,8 ёш;
  • Эркаклар учун — 71,7 ёш;
  • Шаҳарда яшовчилар — 73,7 ёш;
  • Қишлоқда яшовчилар — 73,8 ёш.

Тўғрида, эркаклар сотиб олаётган машинасининг «брак»ларига ачинса, бензин нархи кўтарилаётгани ҳақида ўйласа, коррупционер амалдор борлигига сиқилса, ошаётган нарх-наво ҳақида бош қотирса, эркаклар камроқ умр кўрмай ким камроқ яшасин. Бу, албатта, ҳазил. Барчанинг умри узоқ (ўртачадан кўпроқ) бўлсин.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2-3 июнь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади;
  • Давлат музейларига ҳар куни 22:00 гача ишлашга рухсат берилди;
  • Ўзбекистонда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилди.

Хўш, оламда нима гап?

Россия ва Украина музокаралари ҳозирда сиёсий-дипломатик томондан тўхтатилган, гуманитар жиҳатдан эса ишлаяпти.

Фото: «LentaChel.ru»

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида сиёсий музокаралар тўхтатилганига қарамасдан, асирлар алмашинуви, гуманитар йўлаклар, аҳолимизни эвакуация қилишга уринишлар мавжуд.

«Нега сиёсий-дипломатик музокара тўхтатилди? Чунки музокара нафақат жанг майдонида, балки умуман олганда реал дунёда содир бўлаётган воқеалар: санкциялар, мавқе, шериклик ўртасидаги масалаларга боғлиқ. Россия буларнинг барчасига етарлича эътибор қаратмайди. Бу феномен ҳам дарсликларга киритилади», — деган Подоляк.

«Махсус операция эффекти»: Польша мудофаа харажатларини оширади.

Польша Россиянинг эҳтимолий ҳужумига қарши мудофаа харажатларини оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Анжей Дуда «CNN» телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

Фото: «TVP World»

Дуданинг сўзларига кўра, Польшанинг Россия билан узоқ тарихи туфайли кўплаб поляклар ҳозир хавотирда. Мамлакат Украина билан умумий чегарага эга ва аввалроқ рус қўшинлари мамлакатдан бир неча мил узоқликда ракета ҳужумини бошлаган. «Польша жамияти Россиядан қўрқиши ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деган у.

Ҳозир мамлакат мудофаасини кучайтирмоқда, ҳукумат қуролли кучлари сонини ҳам оширишни режалаштирмоқда. Дуда Польша Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддасига мувофиқ ўз давлатини ҳимоя қилишда АҚШга таянмасликка интилишини қайд этган.

«Қачонки биз кучайсак, улар бизга ҳужум қилишдан қўрқади», — деган Дуда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE