Жаҳон - 16:34 · 31.05.2022

Европа Иттифоқи Россия нефтининг 75 фоизига эмбарго жорий қилади

Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари 30 май куни Россия нефтини импорт қилишни қисман тақиқлаш ва Сбербанкни SWIFT тизимидан узишни назарда тутувчи Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети бўйича келишиб олди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель Брюсселдаги саммит чоғида бу бўйича маълумот берган. Нефть эмбаргоси Россия нефть импортининг 75 фоиздан ортиғига таъсир қилади. Бу унга урушда ҳарбий машиналар учун маблағ манбасини тўхтатиши айтилган. 2022 йил охирига келиб, Россиядан Европага нефть импортининг 90 фоизи эмбарго остида қолади.

Европа расмийлари ва дипломатлар техник тафсилотлар бўйича ҳалигача келиша олишмаган ва санкциялар 27 давлат томонидан расман қабул қилиниши керак. Бунинг учун 1 июнь, чоршанба куни бўлиб ўтадиган элчилар йиғилиши ташкил этилади.

Денгиз орқали ташиладиган нефть санкциялар остида қолади — Европа Иттифоқи Венгрия қарам бўлган «Дружба» нефть қувури орқали Россия энергияси импортига тўсқинлик қилмасликка қарор қилган. Айнан Будапешт ўтган ой давомида эмбаргога қаршилик кўрсатган, чунки у мамлакатга энергия таъминоти узилиб қолмаслиги учун кафолат излаган. Шунга қарамай, Венгрия Евроиттифоқ раҳбарларидан қувурларнинг ишлашида узилишлар юз берган тақдирда хомашё етказиб беришнинг муқобил усулини қўлга киритиши мумкинлиги ҳақида кафолат олган.

Шу тариқа йирик «Дружба» қувури орқали Марказий Европага нефть етказиб бериш Венгрия ва денгизга чиқа олмайдиган бошқа мамлакатларнинг энергия эҳтиёжларини қондирадиган техник ечим топилмагунча тўхтатилмайди.

Аввалроқ Европага Россия нефть ва газидан воз кечиш қанчага тушиши ҳисоблаб чиқилганди. Шунингдек, G7 давлатлари Россия нефтидан воз кечиш мажбуриятини олганди.

Bugun — LIVE