Жамият - 17:12 · 31.05.2022

Олд ўриндиқдаги йўловчи «ремень» тақмаса, унга жарима белгилаш мумкинми?

Машинанинг олд ўриндиғидаги йўловчи хавфсизлик камарини тақмаса, унга жарима белгилаш ҳозирча мумкин эмас. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ЎзАга маълумот берди.

Фото: «ПопМех»

Таъкидланишича, ҳайдовчининг ёнидаги йўловчи хавфсизлик камарини тақмагани учун қўлланиладиган жарималар ижтимоий тармоқларда каттагина баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Айни шу баҳсли саволга бошқарма аниқлик киритган.

«Хавфсизлик камарини тақмаган йўловчи бўйича қонунчиликка таклифлар киритилган, кўриб чиқилмоқда. Айни вақтда хавфсизлик камарини тақмаган йўловчига нисбатан жарима қўлланилмайди. Қонунчиликка киритилган ўзгаришлар бўйича кейинчалик албатта ахборот берилади», дейилган унда.

Аввалроқ бундай холатда йўловчи базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жаримага тортилиши, ҳозирги кунда БҲМ 270 минг сўм эканидан келиб чиқиб, мазкур қоидабузарлик учун жарима 135 минг сўмни ташкил этиши маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда автомобилнинг олдидаги йўловчи қандай ҳолатларда «ремень» тақмаслиги мумкинлиги айтилган.

Bugun — LIVE