Жамият - 23:57 · 31.05.2022

Ўзбекистон электр энергияси нархи пастлиги бўйича дунёда нечанчи ўриндалиги маълум бўлди

АОКАда 31 май куни ўтказилган матбуот анжуманида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдуназаров Ўзбекистон электр энергияси нархи пастлиги бўйича дунёда нечанчи ўриндалигини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

«Шу кунгача Ўзбекистон электр энергияси нархи энг паст давлатлар қаторида дунёда 7-ўринда туради. Ундан олдин Ливия, Ангола, Судан, Қирғизистон, Зимбабве ва Тожикистон каби мамлакатлар туради. Биз таклиф этаётган нархларни солиштириб кўраётган бўлсак, Россия билан деярли бир хилмиз.

Уларда ҳам табиий газ аҳолига 60 доллардан 90 долларгача, юридик шахслар учун бу кўрсаткич 60 доллардан 70 долларгачани ташкил этади. Бу жойлашган жойи, истеъмол қиладиган ҳажмига қараб фарқланади. Электр энергияси нуқтаи назаридан биз таклиф этаётганмимиз — 2,9 центдан 5,8 центгача, Россияда бў кўрсаткич 1,5 центдан 10,7 центгача боради. Бизнинг юридик шахсларга таклиф қилаётганимиз 5,4 центдан 7,1 центгача бўлса, Россияда 6,8 центдан 8,8 центгача ташкил этади», — деди вазир ўринбосари.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 1 июлдан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтилади. Хусусан, электр энергияси бўйича аҳоли учун 1 кВт.соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача — 325 сўм, 250 кВт.соатдан юқори ҳар 1 кВт.соат учун — 650 сўм этиб белгиланиши мумкин. Шунингдек, 1 кВт.соат электр энергияси Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 800 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун — 600 сўм бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонга кузгача Ўзбекистон орқали қанча электр энергияси етказилиши маълум бўлганди. Шунингдек, Тожикистонда йил охиригача электр энергияси тарифлари оширмаслиги хабар қилинганди.

Bugun — LIVE