Жамият - 16:05 · 31.05.2022

Ўзбекистонда 1 июлдан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Фото: «Вести-UA»

Таъкидланишича, лойиҳани ишлаб чиқишда аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ишончли тарзда ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш учун молиявий-иқтисодий шарт-шароит яратиш, нарх шаклланишини босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказиш ва бунда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг манфаатларини ҳисобга олиш ва энергетика соҳасидаги лойиҳаларга хусусий инвестицияларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсад қилинган.

Қарор лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

Электр энергияси бўйича:

  • аҳоли учун 1 кВт.соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача — 325 сўм, 250 кВт.соатдан юқори ҳар 1 кВт.соат учун — 650 сўм;
  • 1 кВт.соат электр энергияси Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 800 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун — 600 сўм.

Табиий газ бўйича:

  • аҳоли учун 1 куб метр табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача — 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун — 1200 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача — 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун — 1200 сўм;
  • 1 куб метр табиий газ Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 1300 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун — 1200 сўм, иссиқлик электр станциялари учун — 1 000 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун — 1150 сўм.

Суюлтирилган газ эса аҳоли учун — 1600 сўм миқдорида белгиланмоқда. Бунда 1 абонентга бир ойда ўртача 20 килограмм суюлтирилган газ етказиб берилиши ҳисобга олинса, абонентнинг қўшимча харажати бир ойда 9,6 минг сўмни ташкил этади.

Корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энерготежамкорликни ошириш ҳамда таннархни пасайтириш учун «перспектив мўлжал»ни кўрсатиш мақсадида 2022 йил учун янги нархлар билан бирга 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархларни ҳам тасдиқлаш таклиф этилмоқда.

Бунда 2023 йил 1 апрелдан қуйидаги нархлар жорий этилиши кўзда тутилмоқда:

Электр энергияси бўйича:

  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 800 сўм миқдоридаги нархни сақлаб қолиш;
  • қолган юридик шахслар учун — 700 сўм.

Табиий газ бўйича:

  • иссиқлик электр станциялари учун — 1200 сўм;
  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 1350 сўм;
  • автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун — 1400 сўм;
  • қолган юридик шахслар учун — 1350 сўм этиб белгилаш.

2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энгергетика ресурсларининг нархлари 2024 ва 2025 йилларда фақатгина инфляция даражасига индексация қилиб борилади, 2026 йилдан бошлаб эса электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.

Bugun — LIVE