Жамият - 10:05 · 31.05.2022

Ўзбекистонда кўп квартирали уй-жойлар зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказилади

«Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ахборот канали хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Фармонга кўра, аҳоли ва ҳудуднинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини 2025 йилгача такомиллаштириш концепцияси ҳамда уни 2022–2023 йилларда амалга ошириш йўл харитаси тасдиқланди. 1 сентябрдан республиканинг сейсмик фаол зоналарида янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили IV тоифага мансуб объектларга зилзилабардошлик бўйича хулосалар бериш тартиби жорий этилади.

Сейсмик заиф ижтимоий соҳа объектларининг рўйхати ҳар йили 1 апрелгача шакллантириб борилади ҳамда инструментал-техник текширувдан ўтказиш ишлари Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда ташкиллаштирилади. 2023 йил 1 майдан сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлигини доимий космик мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилиб, мазкур йўналишдаги масъул давлат органлари космик суратлар ҳамда ишлов берилган маълумотлар билан таъминлаб борилади.

Шунингдек, 2022–2025 йиллар давомида Андижон, Тошкент, Гулистон, Нурафшон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Навоий, Қарши, Термиз, Нукус, Урганч шаҳарларининг рақамлаштирилган сейсмик микроҳудудлаштириш хариталари ишлаб чиқилади.

2023 йил 1 апрелдан сув омборлари тўғонларида сейсмик хавфни олдиндан прогноз қилиш ва баҳолаш амалиётини жорий қилиш мақсадида:

  • космик мониторинг доирасида симуляцион дастур орқали зилзила натижасида тўғон ўпирилиши оқибатида сув босиши мумкин бўлган республика ҳудудларининг визуал 3D моделларини ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилади;
  • сув омборлари тўғонлари ўпирилиши оқибатида қутқарув ишларини ташкиллаштиришида тегишли вазирлик ва идораларни зарур космик суратлар ҳамда ишлов берилган маълумотлар билан таъминлаш тизими жорий этилади.

Мазкур амалиёт ва тизим 2023 йил 1 февралгача ишга туширилади.
2023 йилдан республиканинг сейсмик фаол зоналарида баландлиги 9 қават ёки ундан юқори бўлган серияли қурилиши режалаштирилган ёки танлаб олинган бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш, сифатини таъминлаш ҳамда камчиликларни олдиндан бартараф этиш мақсадида вибродинамик ускуна ёки замонавий рақамлаштирилган инструментал асбоб-ускуналар ёрдамида синов ва текширув ўтказиб борилади.

2022 йил 1 декабргача республикадаги барча сунъий иншоотлар (кўприклар, тоннеллар, эстакадалар, темир йўл кўприклари ва бошқалар) хатловдан ўтказилиб, ягона рақамлаштирилган маълумотлар базаси ташкил этилади. 2023 йил 1 мартгача республикадаги барча мавжуд сунъийиншоотларнинг зилзилабардошлиги бўйича электрон техник паспортлари шакллантирилади. 1 августгача Сув хўжалиги вазирлигида сейсмологик кузатувни доимий ташкиллаштириш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.

Келтирилишича, 1 августгача аҳолининг барча қатламини зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан сўнг тўғри ҳаракат қилишга мустақил ўргатиш учун мўлжалланган мобил илова ишлаб чиқилади.

Шунингдек, 2022/2023 ўқув йилидан Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Фарғона политехника институтида Бино ва иншоотлар зилзилабардошлиги таълим мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилади. Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида 2022/2023 ўқув йилидан Тарихий обидаларнинг сейсмик мустаҳкамлиги таълим мутахассислиги очилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда зилзила оқибатида зарар кўрган объектларни тиклаш давлат бюджетидан амалга оширилиши ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE