Илм-фан - 22:31 · 31.05.2022

Ўзбекистонда яна бир ОТМ ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Андижон давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, Андижон шаҳрида Андижон давлат чет тиллари институти ташкил этилади. ОТМ юридик шахс мақомига эга бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади.

Қуйидагилар институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

  • хорижий тиллар соҳаси бўйича олий маълумотли, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш;
  • ўқув жараёнида халқаро баҳолаш дастурлари (TALIS, PIRLS, PISA) ва стандартларидан фойдаланиш, ўқитиш ва баҳолашнинг замонавий шакллари, методлари ва технологияларини жорий этиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлган педагогларни тайёрлаш;
  • етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари жорий этиш ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
  • халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг амалдаги рейтингида олий таълим муассасалари орасида юқори 1 000 талик ўринни эгаллаган хорижий олий таълим муассасасининг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантириш, етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан мустақил равишда қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни жорий этиш;
  • таълимни замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этиш, жумладан, ўқув жараёнига рақамли технологияларни татбиқ қилиш, шунингдек, ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш ва амалий, жумладан, синхрон, бадиий, кетма-кет ва илмий-техник таржима кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;
  • Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли республика ва хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларида ташкил этиш.

Қайд этилишича, институтда ўқув жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларга иккита хорижий тил бўйича квалификация берилади. Андижон давлат университети ва унинг Педагогика институтига хорижий тиллар йўналишларида бакалавриат ва магистратура босқичларида кадрлар тайёрлаш бўйича ажратиладиган давлат буюртмаси квотаси 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Институтга йўналтирилади. ОТМга талабаларни қабул қилиш параметрлари ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси ва қўшимча қабул параметрлари доирасида аниқланади.

Шунингдек,  келтирилишича, институтнинг бакалавриат таълим йўналишларига 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасидаги чет тили фанидан 4 та кўникмани (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади. Бунда:

  • чет тилини билиш даражаси B2 ва ундан юқори миллий сертификатга ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан ўқишга кириш синовларида имтиҳонсиз максимал балл берилади;
  • чет тили фанидан касбий (ижодий) кириш имтиҳонлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади;
  • Институтнинг магистратура мутахассисликларига киришда хорижий тилни билиш даражаси бўйича С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификат ва бакалавриат диплом баллининг ўртача кўрсаткичи инобатга олинади ҳамда қўшимча имтиҳонлар ўтказилмайди;
  • Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан мутахассислик фанларидан хорижий тилда дарс берадиган С1 даражасидан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўлаб борилиши мумкин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2022 йил 1 июлга қадар Институтни танлов асосида амалий тажриба ва (ёки) илмий даражага эга бўлган юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан тўлдириш чораларини кўради. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Институтнинг хорижий тиллар ўқитувчилари С1 даражасидан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлишини ҳамда дарс машғулотларини тегишли тилларда олиб борилишини таъминланади.

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:

  • Институтнинг мутахассислик фанлар (хорижий тилдан ташқари) ўқитувчиларининг B2 даражадан кам бўлмаган миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тан олинган сертификатга эга бўлишини;
  • Институтнинг ўқув жараёнига тил эгаси бўлган малакали хорижий мутахассисларни жалб қилинишини ташкиллаштирсин. Бунда, хорижий мутахассисларнинг ойлик иш ҳақи бозор конъюнктураси асосида аниқланади ҳамда Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади;
  • Институтнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш, хусусан унинг бино ва иншоотларини таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади;
  • мазкур қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш 2022 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2023 йилдан бошлаб – Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

Аввалроқ Президентнинг 28 октябрдаги қарори билан Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали негизида Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти ташкил этилганди. Шунингдек, Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти очилгани ва яна бир хорижий ОТМ филиали ташкил этилгани хабар қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонда Нанотехнологияларни ривожлантириш маркази ташкил қилиниши айтилганди.

Bugun — LIVE