Жаҳон - 9:42 · 31.05.2022

Польша мудофаа харажатларини оширади

Польша Россиянинг эҳтимолий ҳужумига қарши мудофаа харажатларини оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Анжей Дуда «CNN» телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

Фото: «TVP World»

Дуданинг сўзларига кўра, Польшанинг Россия билан узоқ тарихи туфайли кўплаб поляклар ҳозир хавотирда. Мамлакат Украина билан умумий чегарага эга ва аввалроқ рус қўшинлари мамлакатдан бир неча мил узоқликда ракета ҳужумини бошлаган. «Польша жамияти Россиядан қўрқиши ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деган у.

Ҳозир мамлакат мудофаасини кучайтирмоқда, ҳукумат қуролли кучлари сонини ҳам оширишни режалаштирмоқда. Дуда Польша Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддасига мувофиқ ўз давлатини ҳимоя қилишда АҚШга таянмасликка интилишини қайд этган.

«Қачонки биз кучайсак, улар бизга ҳужум қилишдан қўрқади», — деган Дуда.

Аввалроқ Рамзан Қодиров Польшага ҳужум қилиш билан таҳдид қилганди. Шунингдек, Болтиқ давлатлари ва Польша NATО’дан қўшинлар сонини кўпайтиришни сўраганди.

Bugun — LIVE