Жамият - 15:00 · 31.05.2022

Президент бозорларда нарх-наво кўтарилгани ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёев раислигида 31 май куни аҳолини озиқ-овқат, чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, дунёда кун сайин озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши кучаймоқда.

«Лекин ҳамма вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам дунёда бўлаётган вазиятни баҳолаб, ишини тўғри ташкил қилаётгани йўқ. Буни бозорларимиздаги нарх-наво кўрсатиб турибди. Жумладан, май ойида инфляция даражаси 1 фоизга ошиб, бу ўтган йилга нисбатан юқори бўлди.

Албатта, нарх-навонинг ўсишига жаҳон бозорларида буғдой нархи 50 фоизга, ўсимлик ёғи 33 фоизга, шакар 14 фоизга, нефть 47 фоизга ошгани бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бундай шароитда ҳокимлар барча ички имкониятларни сафарбар этиб, бозорларни маҳсулотлар, энг муҳими — озиқ-овқат билан тўлдириш учун икки карра кўпроқ ишлашлари шарт. Лекин кўп ҳокимлар нарх-навога эътибор қилмасдан, жиловни қўлидан чиқариб юборган», — деди Президент йиғилишда.

Уч кун муддатда барча маҳалла ва қишлоқларда асосий маҳсулотлар билан таъминлаш даражасини ўрганиб, керак бўлса, бошқа ҳудудлардан тезкорлик билан етказиб бериш вазифаси қўйилди.

Bugun — LIVE