11:23 | 31.05.22 280

Президент қарори билан давлат музейларига иш вақтини узайтириш ҳуқуқи берилади

Шунингдек, ходимларга қўшимча тўловлар тўланади

Президентнинг «Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Қарорга кўра, 1 июлдан давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 гача ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, заруратга кўра, давлат музейлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тунги иш вақти муддатларини белгилаши мумкин.

Қайд этилишича, пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади. Қўшимча тўловлар тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби музейлар томонидан уларнинг юқори турувчи органи билан келишган ҳолда белгиланади.

Шу билан бирга, музейларга уларда ташкил этиладиган хизматлар учун Маданий мерос агентлиги билан келишган ҳамда бозор конъюнктурасини ҳисобга олиб, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида қўшимча ходимларни жалб этишга рухсат берилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда музейлар даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланиши ҳақида хабар берилганди.