Жаҳон - 19:52 · 31.05.2022

Путиннинг маслаҳатчиси 22 йиллик лавозимини тарк этди

Марҳум президент Борис Ельциннинг куёви Валентин Юмашев 22 йил давомида Путиннинг маслаҳатчиси сифатида ишлаган лавозимини тарк этди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «Деловой Петербург»

Юмашевнинг ўзидан ва Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковдан ушбу хабарга изоҳ олиш имкони бўлмаган. «Ельцин маркази» ижрочи директорининг ўринбосари Людмила Телень Юмашев апрель ойида ўз ташаббуси билан лавозимидан кетганини айтган.

«Юмашев апрель ойидан бери президент маслаҳатчиси эмас. У бу лавозимини ўз илтимосига кўра тарк этган», — деган Телень.

Маълумот ўрнида, 1997–1998 йилларда Юмашев Россия президенти Борис Ельцин маъмурияти раҳбари лавозимида ишлаган. У Ельциннинг қизи Татьяна билан турмуш қурган. Юмашев Путиннинг маслаҳатчиси экани 2018 йилда маълум бўлган. Кейин Песков Юмашев бу лавозимда 18 йилдан бери ишлаганини айтган.

Аввалроқ Путиннинг собиқ хотини ва Алина Кабаевага қарши санкция қўлланилгани ва Путин дўстининг яхтаси ҳибсга олингани маълум қилинган.

Bugun — LIVE